Андижон 24

Андижон: КАРАНТИН МАНЗАРАЛАРИ (ФОТОРЕПОРТАЖ)


30.03.2020   1961

Карантин чораларининг самарадорлиги фуқаролар томонидан уларга қай даражада амал қилинишига бевосита боғлиқ. Аввало, кўчаларда ҳаракатланиш чекланди. 27 мартдан жамоат транспорти қатнови, 30 мартдан эса, хусусий автомашиналар ҳаракатланиши тўҳтатилди (белгиланган тоифадаги транспортлар бундан мустасно). Бу тартибни таъминлаш учун бир қатор ташкилотлар сафарбар этилган.

Андижон шаҳрига кириш йўлларида постлар ташкил қилинди. Постларда 24 соат мобайнида ички ишлар, фавқулотда вазиятлар, божхона, солиқ, транспорт бошқармалари, миллий гвардия, санитария-эпидемиология осойишталиги маркази мутахассислари, ҳокимликлардан вакиллар назорат ишларини олиб бормоқдалар.

“Соғлом авлод” ўйингоҳи олдидаги постдамиз. Ўнга яқин ходимлар ҳар бири ўз йўналиши бўйича назорат-текширувни амалга оширмоқда.

Махсус киймилардаги санитария-эпидемиология мутасаддиларитранспортларга ишлов бермоқда.

-АБК-хлор эритмаси билан дезинфекция қиляпмиз, - дейди Андижон шаҳар саниария-эпидемиология осойишталиги бўлими дезинфектори Дилфуза Мамажонова. – Эрталаб 8.00 дан кеч 20.00 га қадар аёллар, 20.00дан эрталабки 8.00 га қадар эркак ходимлар ишламоқда.

-Ниқобсиз юрганларга чора кўриляптими?

-Шундайларга минимал иш ҳақининг 5 баробари миқдорида жарима кўзда тутилган. Ҳозирча тартиб бузганлар аниқланмади.

Сойгузар мавзесидаги пост. Вилоят йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси 4 сафарбарлик гуруҳи инспектори Бекзод Тожмаматов ҳамкасблари билан навбатчиликда.

-Ҳайдовчиларни тартибга чақирмоқчиман, -дейди Бекзодбек. - Бугун бу жуда муҳим. Рухсатномаси йўқ ҳайдовчилар ҳам ўтиб кетишга уринишмоқда. Пост олдида қаторлашиб терилиб олиб, хизмат юзасидан етиб бориши зарур бўлган автомашиналарга тўсқинлик қилишмоқда. Буни кенгроқ тушунтириш зарур.

Дарҳақиқат, кўрилаётган чоралар мажбурий хусусиятга эга. Уларга қанчалик тўкис амал қилсак, шунчалик ўзимизни ва аттрофдагиларни ҳимоя қилган бўламиз.

С.Шукуров.

З.Умрзоқов.