Жамият

Андижон қадамжолари : Оқмозор ота ёхуд Мавлоно Қутбиддин Аҳмад шайх зиёратгоҳи хусусида


25.01.2018   159

Андижон қадимдан азиз-авлиёлар юрти саналади. Ўз даврининг машхур уламоси Ҳазрат Қутбиддин Аҳмад шайх шулардан биридир. У тахминан ХV-ХVI асрларда ҳозирги Избоскан туманининг Луғумбек қишлоғи яқинида яшаб, фаолият кўрсатганлиги айтилади. Вафотидан сўнг ҳашаматли мозор-мақбара қурилган. Бу қадамжога ўз даврида 1.09 гектарга тенг ер, суғорадиган ариқлари билан вақф қилинган. Кейинчалик эса мозор ёнига уни номини абадийлаштириш учун масжид, мадраса, қорихоналар бунёд этилган.

Тарих фанлари доктори, профессор И.Алимов, Андижон давлат университети катта ўқитувчиси Б.Тўхтабоевлар 2014 йилда бу борада тадқиқот олиб боришди. Қуйида уларнинг мақоласини қисқартирилган ҳолда эътиборингизга ҳавола қиламиз.

Ҳазрат Қутбиддин Аҳмад шайхнинг туғилган ва вафот этган йиллари ҳозирча аниқ эмас. Ўзбекистон Республикаси Марказий давлат архивида сақланаётган Абдулмажид Султон Баҳодирнинг улуғ шайх Қутбиддин Аҳмад авлодига мелодий 1607 йил (ҳижрий 1016 йил)да берган “Иноятнома”си (хоннинг ёрлиғи) унинг туғилган, яшаган даврига нисбатан аниқлик киритишга ёрдам беради. Бу ҳужжатда: “Барчанинг маьлумоти учун эьлон қилинадики, улуғ Шайх Қутбиддин Ахмад авлодига олдинги йиллари намунаси бўйича Зурзумнинг ғалла экиладиган ерлари суғорадиган ариқлари билан авлодий мулк қилиб бириктирилади ва барча амалдорларга амир қилинадики, уларга зарар, зиён етказилмасин, бирор нарсада ташвишлантирилмасин. Работак ерлари барча суғориладиган ариқлари билан уларга авлодий мулк қилиб беришга амир қилинади”, дейилган “Иноятнома”даги муҳрда Абдулмажид Султоннинг номи ва 1016 ҳижрий йил ифодаланган.

Ҳужжатдан маълум бўлишича, мазкур “Иноятнома”да ҳам барча мулклар ХVI асрда Шайх Қутбиддин Ахмад мақбарасига, унинг авлодлари фойдаланиши учун вақф қилинган. Зурзум ва Работакдаги ерлари борлигини тасдиқловчи хонлар ёрлиғи бўлган. Шундан келиб чиқиб Ҳазрат Қутбиддин Аҳмад шайх тахминан ХV-ХVI асрларда яшаган бўлиши эҳтимоли бор.

Қутбиддин Аҳмад шайх мақбарасини хам бирор бой қурдирган ва унга катта ер мулкини вақф қилган бўлиши керак. Лекин хонлар ёрлиқларининг баьзиларида Қутбиддин Аҳмаднинг авлодлари вақфи, баъзиларида унинг мозори вақфи дейилган. Афсуски, вақфнома сақланмаган. Шунинг учун ким, қачон, кимга вақф қилинганлиги тўғрисида олтита хоннинг “Иноятнома”ларидан бошқа аниқ маьлумот йўқ.

Низомиддин Мухаммад Алимбой томонидан мелодий 1792 йилда шайх Қутбиддин Аҳмад авлодларига берилган “Иноятнома”да барча оқсоқолларга, амалдорларга Оқмозор ерларининг эгалари ҳар қандай солиқларидан озод қилинган ва солиқлар, бошқа ҳеч нарса талаб қилинмаслик буюрилган. Мазкур ҳужжатда Қутбиддин Аҳмад шайх мозори “Оқмозор” деб хам аталган.

Шунингдек, Султон Мухаммад Умар (мелодий 1811 йилда ёзилган), Шер Муҳаммад Алихон (мел. 1842 й.)нинг “Иноятнома”ларида ҳам мазкур жой вақф қилинганлиги битилган.

Қўқон хони Худоёрхон хам бошқа хонлар каби мелодий 1865 йилда Саид Қутбиддин Ахмаднинг муқаддас мозорига “Иноятнома”инъом қилади.. Хон томонидан мозор, унинг қошидаги масжид, қорихона ва Қутбиддин Аҳмад авлоди фойдасига юқорида айтилган ерлар вақф қилиб берилганлиги, барча одамларга вақфни хақиқий деб билиш ва ҳеч қандай солиқ талаб қилмаслиги билдирилади. Мозорга мутавалли қилиб Мақсудхўжа Мирзахўжа Эшон ўғли тайинланган. Мозор вақфидан тушган даромадни масжид, қорихонани таьмирлашга, ундан ортганини Қутбиддин Ахмад авлодларига сарфлаш буюрилган.Аммо улар вақф даромадидан фойдаланишмаган.

Манбаларга таянган ҳолда, Қутбиддин Аҳмад шайх мозори қошидаги масжид ва қорихона 1842-1865 йиллар орасида бунёд этилган дейиш мумкин. Худоёрхон “Иноятнома”сида учрамайдиган, яъни кейинроқ қурилган мадраса ҳам бўлган.

Чор ҳукумати Ўрта Осиёни босиб олгандан сўнг, 1886 йилда “Туркистон ўлкасини бошқариш тўғрисида низом” (қонун) қабул қилинган. Бу қонуннинг асосий мақсади маҳаллий халқларнинг миллий бойликларини талаш, давлат хазинасини тўлдириш бўлган. Вақф ерлари тақдирини хал қилишда босқинчилар манфатини ҳимоя қиладиган коидалар ишлаб чиқилган. Шунга мувофиқ, Туркистон бошқарув идоралари мозорнинг вақф мулкини мусодара қилиш юзасидан қарор қабул қилди.

Қутбиддин Аҳмад шайх мозорининг вақф ерларини мусодара қилиниши натижасида мозор-мақбара, масжид, мадраса, қорихона бинолари тез орада ишдан чиқди, кейинчалик бутунлай йўқ бўлиб кетди.

Ҳозирда мазкур жойга турли жойлардан зиёратчилар келиб туришади. Мутасаддилар “Оқмозор ота”нинг олис мозийдаги нуфузини яна тиклаш мақсадида саъй-ҳаракатларни амалга оширишмоқда.

«auz.uz» online гуруҳи.