Андижон 24

Андижон қадамжолари: ҲАЗРАТ ҚУТАЙБА ИБН МУСЛИМ ЗИЁРАТГОҲИДА ОБОДОНЛАШТИРИШ ИШЛАРИ БОШЛАНДИ (+ВИДЕО)


26.02.2018   2811

Мамлакатимизда Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ташаббусида “Обод маҳалла” дастури доирасида кенг кўламли ободонлаштириш ва бунёдкорлик ишлари олиб борилмоқда.

Вилоятимизда ушбу ҳайрли тадбир Жалақудуқ туманидаги Қиличмозор маҳалла фуқаролар йиғинидан бошланди. Бу, бежиз эмас, албатта. Сабаби маҳалла ҳудудида Ислом дини пешволаридан бири Қутайба ибн Муслим хазратлари мангу қўним топган зиёратгоҳ мавжуд. Тарихий маълумотларга кўра, Қутайба ибн Муслим (660- 715) йирик Ислом фотиҳларидан бири, ҳарбий саркарда ва тажрибали лашкарбоши бўлган.

Ҳозирда бу маскан зиёратгоҳга айланган. Айтишларича, зиёратгоҳдаги қайрағоч танасидан томиб турувчи шарбат инсонга тетиклик бахш этади. Нияти ва иҳлосига кўра кўп ҳасталикларга шифо саналади.

“Обод қишлоқ” дастури доирасида бошланган бунёдкорлик ишлари олдидан ўтказилган йиғилишни вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов бошқарди. Вилоят раҳбари ушбу масканни ободонлаштириш, зиёратчилар учун шароитлар яратиш маҳалла тароватига ўзгача шукуҳ бағишлаб, аҳоли фаравонлигини таъминлашга хизмат қилишини таъкидлади. Бу савобли ишларнинг бошланишига давлат ҳисобидан 1миллиард сўм маблағ ажратилади. Мутассаддиларга ишларни намунали ташкил этиш ва тез фурсатларда, сифатли якунлаш бўйича топшириқ ва тавсияларини берди.

Бунёдкорлик ишларига кириш олдидан Қуръон тиловат қилиниб, эзгу тилаклар билдирилди. Қурбонлик сўйилиб, элга ош тортилди.

Қиличмозор маҳалласида 550 хонадонда 2764 нафар аҳоли истиқомат қилади. Яқин кунларда маҳалла кўчалари кенгайтирилиб, электр, газ ва сув тармоқлари янгиланади. Буларнинг барчаси вилоят ташкилотлари ва маҳалла аҳолиси ҳамжиҳатлилигида олиб борилаётган ишларда ўз ифодасини топмоқда. Айни вақтда худуддаги кўримсиз бинолар бузилиб, атрофга кўркамлик бахш этишга киришилган.

Бугун ушбу зиёратгоҳ ва маҳалла ҳудудида кенг кўламли бунёдкорликлик ишлари давом эттирилмоқда. Келгусида бу обод манзиллар республикамиз аҳолиси ва ҳорижлик сайёҳлар, зиёратчиларнинг эътирофига сазовор бўлиши шубҳасиз.

Жаҳонгир СОДИҚЖОНОВ.