ЖАМИЯТ

«АНДИЖОН ФАРЗАНДЛАРИ» – МАМЛАКАТ БОСҚИЧИДА


13.12.2021   1079

Андижонда “Ўзбекистон ёшлар форуми – 2021” ёшлар ойлиги доирасида қатор тадбирлар, спорт мусобақалари, ижодий ва интеллектуал танловлар ўказилмоқда.

Андижон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институтида талаба-ёшларнинг нутқий маданиятини юксалтириш, қатъий ҳаётий позицияга эга бўлган ёшларни тарбиялаш, уларда тизимли таҳлил қилиш, мантиқий фикрлаш ва моҳирона мунозара олиб бориш қобилиятларини ривожлантириш мақсадида вилоятдаги олий таълим муассасалари талабаларидан тузилган жамоалар ўртасида «Мунозара» дебат мусобақаси бўлиб ўтди.

Иштирокчи жамоалар мусобақада “тасдиқ” ва “инкор” позициясида ўз маҳорат ва истеъдодини синовдан ўтказди.

Қизиқарли ва иштирокчилар фаоллигида ўтган беллашувнинг якуний натижаларига кўра, Андижон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институтининг «Андижон фарзандлари» жамоаси фахрли 1-ўринни эгаллаб, турнирнинг республика босқичига йўлланмани қўлга киритди.