Андижон 24

«АНДИЖОН-ФАРМ»: ҲИНДИСТОНЛИК ИНВЕСТОР АНДИЖОНГА КЕЛДИ


05.02.2019   1106

Давлатимиз раҳбарининг республикамизда юқори технологияли фармацевтика корхоналарини ташкил этиш бўйича лойиҳаларни амалга оширишга инвестицияларни, энг аввало, Ҳиндистон Республикасидан тўғридан-тўғри хорижий инвесторларни фаол жалб қилиш юзасидан қабул қилган “Андижон-фарм” эркин иқтисодий зонасинни ташкил этиш тўғрисида”ги Фармони амалиёт босқичига кўчмоқда. Вилоят ҳокими, Олий Мажлис Сенати аъзоси Шуҳратбек Абдураҳмоновнинг Ҳиндистондаги “Cadila Pharmaceuticals” хусусий компанияси бошқаруви директори Рамеш Чокси бошчилигидаги мутахассислар билан учрашувиайни шу мақсадга қаратилди.

Вилоят раҳбари меҳмонлар билан мулоқот аввалида шу йилнинг 17-18 январь кунлари ҳукумат делегациясининг Ҳиндистонга ташрифи Андижон учун янги имкониятлар эшигини очганини таъкидлади. Ҳиндистонда андижонлик мутахассисларга кўрсатилган эътибор учун миннатдорлик билдириш билан бирга уларнинг фармацевтика соҳасида бой тажрибага эга эканликларини эътироф этди.


Эркин иқтисодий зонанинг ташкил этилиши дори-дармонлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш баробарида аҳоли бандлигини таъминлаш ва валюта тушумини кўпайтиришга хизмат қилади. Юзлаб турдаги дорилар экспорти амалга оширилади.

Инвестиция киритиш истагини билдирган 13 та фармацевтика корхоналари орасида “Cadila Pharmaceuticals” ўз ўрнига эга. Компания 60йилдан буён 900 турдаги маҳсулотларини дунёнинг қатор мамлакатларига экспорт қилиб келмоқда. 25 дан зиёд тиббиёт йўналишларида фойдаланиладиган дорилари билан танилган. Унинг маҳсулотлари АҚШ озиқ-овқат ва фармацевтика стандартларига жавоб бериши билан ҳам ажралиб туради.

- Ўзбекистон, хусусан Андижон бизда катта таассурот қолдирмоқда, -дедиРамеш Чокси. - Бир қатор соҳа раҳбарлари билан суҳбатлардан сўнг ишончимиз янада ортди. Инвесторлар учун яратилган имкониятлар ҳам кўнгилдагидек. Режаларимизни жадаллик билан амалга ошириш ниятидамиз.

Тадбир доирасида ҳар икки давлат мутахассислари ўзаро фикр алмашдилар, тажрибалар ўрганилди. Андижон ва Гужарат ўртасидаги дўстлик алоқаларини мустаҳкамлашга келишиб олинди. Вилоят ҳокими меҳмонларга эсдалик совғаларини топширди.

Акбаржон НАЗАРОВ,

Рустамжон ЭШОНОВ

«auz.uz» online гуруҳи аъзолари.