Бугуннинг гапи

“АНДИЖОН ФАРМ” ЭРКИН ИҚТИСОДИЙ ЗОНАСИГА ТАМАЛ ТОШИ ҚЎЙИЛДИ


19.10.2019   5729

Жорий йилнинг январь ойида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёев бошчилигидаги делегация Ҳиндистонга ташриф буюриб, “Жўшқин Гужарат - 2019” IX Халқаро инвестиция саммитида иштирок этди.Форумда сўзга чиққан Президентимиз Ҳиндистон билан узоқ муддатли стратегик ҳамкорликни мустаҳкамлаш Ўзбекистон ташқи сиёсатининг устувор йўналишларидан бири эканлигини алоҳида таъкидлади ҳамда икки томонлама алоқаларни ривожлантириш учун қатор ташаббусларни илгари сурди. Ахборот технологиялари, фармацевтика саноати, қишлоқ хўжалиги, қайта тикланадиган энергия манбалари ва шу соҳалар учун мутахасислар тайёрлаш борасида лойиҳалар амалга оширишни таклиф қилди.

200 миллионли аҳолиси бўлган Гужарат савдо ва тадбиркорлик борасида Ҳиндистонда етакчи мавқега эга. Айниқса, фармацевтика соҳаси ривожланиб бораётган ҳудуд ҳисобланади. “Cadila Pharmaceuticals Limited” хусусий фирмасида 4 минг ходим ишлайди. Уларнинг 200 нафари МДҲ давлатлари, Африка, Япония ва АҚШда фаолият олиб боради.

Андижонда ҳам сифатли ва арзон дори-дармонларни ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш мақсадида фирма билан 2019-2022 йилларга мўлжалланган битим имзоланди. Унга кўра, “Андижон Фарм” эркин иқтисодий зонасида тўғридан-тўғри инвестиция ҳажми 50 миллион АҚШ долларига тенг лойиҳа амалга оширилади.

Корхонага тамал тоши қўйиш маросимида сўзга чиққан вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов, Гужарат штати бош вазири Шри Вижай Рупани ва бошқалар ўзаро ҳамкорлик ришталари, иқтисодий алоқаларнинг дастлабки қадами билан барчани муборакбод этдилар.

Шундан сўнг иштирокчилар лойиҳа ҳақидаги маълумот, олиб бориладиган бунёдкорлик ишлари билан танишдилар.

Муроджон ТЎХТАНАЗАРОВ,

«auz.uz» online гуруҳи.