Андижон 24

АНДИЖОН ДЕҲҚОНЧИЛИК МАКТАБИ МУВАФФАҚИЯТИ


06.12.2019   1746

Деҳқонлар билан кўришганимизда бу йил ҳосил хирмонлари баракали бўлганлигини айтишади. Бу эзгу ният билан қилинган меҳнат самараси. Қишлоқ хўжалигида иқтисодий ислоҳотлар тизимли амалга оширилмоқда. Илғор тажрибалар, замонавий технологияларни татбиқ этиш изчил боряпти.

Андижон деҳқончилик мактаби такомиллашаётгани эришилган марраларда мужассам.

Миришкорларнинг таҳлили бўйича қишлоқ хўжалигидаги ютуқ чилги ҳосил салмоғидан бошланади. Пиллачиликда хориж усулининг амалиётда қўлланиши бир неча марта ҳосил олиш имконини берди. Пиллани қайта ишлаш корхоналари фаолияти хомашё эмас, дунёга донғи кетган шойи атласлар тайёрлашга замин яратди.

/аллакорларимиз улкан хирмон соҳиблари сифатида эътироф этилдилар. Ҳосилдорлик вилоят бўйича гектарига 65,5 центнерданга тўғри келиб, омборлару бордонлар донга тўлди. Пешқадам фермер хўжаликлари ихтиёрида қолган буғдойдан сувчилар, механизаторлар, шу йўналишда меҳнат қилганлар баҳраманд бўлишди.

Мавсумда дон ҳосилдорлиги бўйича устама ва чегирманинг татбиқ этилиши масъулиятни оширди. Ҳосилдорлик ортиб, даромад кўпайди. Яхши ишлаганлар манфаатдорликдан розиликларини билдиришди.

Пахтакорларимизнинг эл-юрт олдида юзлари ёруғ. Баҳорда 79 минг 391 гектар ерга чигит плёнка остига ҳамда очиқ майдонларга оби-тобида экилди. Ер шароитига мос "Андижон-35", "Андижон-36", "Андижон-37" навлари кўчатлари асосий майдонларни эгаллади. Деҳқонлару мутахассислар ҳамжиҳат ҳаракат қилишди. Парвариш агротехника тадбирлари асосида олиб борилди. Далаларда мўл ҳосил етиштирилди. Мавсум арафасида маслаҳат йиғинлари ўтказилиб, амалга ошириладиган тадбирлар режаси тузилди. Пахта теримига киришиш фермер хўжаликлари ихтиёрига ҳавола қилинди. Аввалги йиллардагидек "бўл-бўлчилик"ка барҳам берилди. Кластер корхоналарининг, фермер хўжаликларининг ташаббус ва таклифлари асосида ҳар бир килограмм пахта учун биринчи теримда минг сўмдан ҳақ тўланиши маҳаллалардаги уюшмаган аҳолини далаларга бошлади. Оилавий теримчилар беш кунликларда миллион-миллион сўм пул билан уйига қайтишди. Ўз вақтидаги ҳисоб-китоб, манфаатдорлик туфайли терим жадаллади. Ҳашарчиларга ҳожат қолмади. Ижтимоий соҳа вакиллари теримга жалб этилмай, ўзларининг вазифалари билан шуғулланишди.

Уюшқоқлик мавсум мундарижасини белгилади. Пахтаободликлар пешқадамлик анъанасига содиқ бўлдилар. Булоқбошиликлар саноқли кунларда маррага етишди. Улуғнор тумани пахтакорлари ҳам мавсумда ўзгача азму шижоат кўрсатиб, шартнома режасини илғорлар қаторида бажардилар.

Андижонимизнинг улкан ҳосил хирмонида барча туман меҳнаткашларинингмуносиб ҳиссаси борлигини эътироф этиш даркор. Ҳамманинг ҳаракати бу йил пахта йили бўлганлигини намоён қилди. Пахтаобод туманидаги "Сарвиноз парвоз" сингари кўплаб фермер хўжаликлари юқори ҳосилдорликда карвонбошиликни эгаллашди. Булоқбоши туманидаги фермерлар Абдуҳошим Нурматов, Исматилло Исматов, чевар теримчи Майрамхон Пирматова, жалақудуқлик "Обод водий салтанати" фермер хўжалиги раҳбари Қобилжон Қўзиевлар меҳнати замонавий енгил автомобиллар билан тақдирланди. Избоскан туманидаги "Чўнгбоғиш элита" фермер хўжалиги етакчиси Улуғбек Охунов ўзи билан ёнма-ён ишлаган сувчи Рафиқжон Ҳакимовга "Спарк" автомобилини тантанали топширди.

Қўрғонтепа туманидаги Нурмуҳаммад Қозоқов бошчилигидаги "Савай кўрки", Олтинкўл туманидаги Тоҳиржон Ражапов раҳбарлигидаги "Истиқлол" сингари кўплаб фермер хўжаликлари юқори ҳосилдорликда намуна кўрсатишди. Ҳосилни олий навларга топширилиши даромадни кўпайтирди.

Қишлоқ хўжалигида кластер усулининг жорий қилиниши деҳқонлару қайта ишловчиларни ҳамкорлиги намунасини намоён этди. "Khantex group" таъсисчилари кластер усулининг афзалликларини амалда исботладилар. Қайта ишлаш мажмуаси таркиб топмоқда. Янгича тарзда ишлаш пахтачиликдагина эмас, ғаллачилик ва бошқа тармоқларда ҳам кенг қулоч ёзмоқда.

Қишлоқ хўжалигида инновацион технологиялар юқори ҳосилдорлик гарови. Энди чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик, қуёнчилик, асаларичилик, ипакчилик, мева-сабзавотчилик йўналишида қиймати 530 миллиард сўм бўлган 127 та янги лойиҳа устида ишланяпти. Андижон туманидаги "Velley Fish" масъулияти чекланган жамиятининг интенсив усулда инновацион технологиялар асосида мўл балиқ етиштириши, Марҳамат туманидаги "Водий ҳамкор агрофирма" МЧЖда қуёнчиликнинг ривожланишига, асакаликларнинг сархил мева-сабзавот етиштиришдаги ибратли ишларига кўпчилик издош бўлдилар.

Дала заҳматкашлари қаторида томорқа эгаларининг озиқ-овқат серобчилигига барака қўшаётганини эътироф этиш ўринли. Иссиқхоналарда эртаки помидор, бодринг ва сабзавотлар қаторида лимон, апельсин етиштирилаётгани юртдошларимизнинг тажрибакорлигидан далолат.

Айни чоғда келгуси йил ҳосили учун замин ҳозирланяпти. Қувончли кунда соҳа соҳибларининг ҳар бирининг меҳнати таҳсинга лойиқлигини айтамиз.Қишлоқ хўжалиги миришкорларини қутлуғ байрам билан муборакбод этамиз. Ишлари ҳамиша илдам, ҳосил хирмонлари салмоқли бўлишига тилакдошмиз.

Аъзамжон ЮЛДАШЕВ,

вилоят қишлоқ хўжалиги бошқармаси бошлиғи.