Спорт

Андижон Барчинойлари


30.12.2017   1475

Бухарест шаҳрида (Руминия) қўл жанги бўйича ёшлар ўртасида ўтказилган жаҳон чемпионатида Ўзбекистон спорт шарафини ҳимоя қилган терма жамоамиз сафида андижонлик икки қиз – Мадинабону Мамажонова ва Суғдиёна Жамолдинова ҳам бор эди. Уларнинг иккиси ҳам ўз вазн тоифаларидаги барча рақиблари устидан ютуққа эришиб, олтин медалларни қўлга киритдилар.

Мадинабону Избоскан туманидаги 26-мактабда ўқийди. Тумандаги болалар ва ўсмирлар спорт мактабида икки йилдан бери қўл жанги билан шуғулланади. Жуссаси кичик, аммо рақибига шердек ташланади. 42 кг. вазн тоифасидаги ўзидан катта ёшдаги рақиблари устидан ютуққа эришиб, жаҳон чемпионатига йўлланмани қўлга киритди. Мураббий Шаҳнозахон Мерганова билан Буха- рестда бўладиган жангларга астойдил ҳозирлик кўрди.

Жаҳон чемпионатида номдор рақиблари украиналик Инна Макаренко, словакиялик Иоана Матисколлар устидан ғолиб чиқиш осон бўлмади. Қўл жанги бўйича Андижон вилояти бош мураббийи Ғофуржон Муҳиддиновнинг кўрсатмаларини аниқ бажарди. Финалда ҳакамлар ютуқни Мадинабонуга беришганда қувончдан кўзларига ёш келди.

Бухарестда Суғдиёна билан мовий денгиз қирғоғига жойлашган меҳмонхонада бир хонада истиқомат қилишиб, дугона бўлиб қолишди. Олтинкўллик қиз Мадинабонудан икки ёш катта, 55 кг. вазн тоифасида жанг қиларди. У ўзини қандай спортга кириб келганлигини айтиб берди.

– Тўққиз ёшимдаёқ қўшни қишлоқда очилган таэквандо бўйича тўгаракка қатнай бошладим, – деди Суғдиёна. – Сафаробод маҳалласидаги бўш турган бино қайта таъмирланиб, қўл жанги секцияси ташкил этилгач, ўша жойда шуғулланишга қарор қилдим. Мураббийим Илҳом ака Каримов бир неча бор мамлакат чемпиони, Европа очиқ чемпионати ғолиби.

Уч йил аввал унинг қўлида фақат йигитлар шуғулланарди. Мен ягона қиз эдим. Кейинчалик қизлар сони кўпайди. Қўл жанги – довюраклар спорти. У билан иродали, жасур ёшлар шуғулланади. Биз билан шуғулланиб, кетиб қолганлар ҳам йўқ эмас. Спортда эришаётган ютуқларим туфайли мен билан нафақат ота-онам, балки қариндошларим, маҳалладошларим, мактабим фахрланади.

Дугоналар кейинги жаҳон чемпионатида ҳам ғолибликни ушлаб қолиш, келажакда республика Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги академияга кириб ўқиш ва ҳуқуқ-тартибот идораларида ишлашни мақсад қилганлар. Янги йилда Андижон Барчинойларининг орзулари рўёбга чиқиши, халқаро мусобақаларда мамлакатимиз байроғини юқори кўтарилишида фидокорлик кўрсатишларида омад ёр бўлсин.

Тўлқин Сиддиқ.

Суратда: жаҳон чемпионлари Мадинабону Мамажонова ва Суғдиёна Жамолдинова.

Х. Араббоев

олган сурат.