Спорт

АНДИЖОН-АСАКА ҲАЛҚА ЙЎЛИДА ЎТГАН ЮГУРИШ МАРАФОНИДА 2 МИНГ НАФАР ЁШ ИШТИРОК ЭТДИ


14.04.2019   522

Андижон - Асака ҳалқа йўлида Ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши ташаббуси билан енгил атлетика марафони ўтказилди. Бу ҳақда вилоят журналистика маҳорат маркази тингловчилари, «auz.uz» сайтининг мобиль мухбирлари Севара Асқарова ва Муборак Тинибековалар хабар беришмоқда.

Ёшлар иттифоқи вилоят Кенгаши матбуот хизматининг маълум қилишича, рспублика миқёсида ўтказилаётган спорт ойлиги доирасида ташкил этилганузоқ масофага югуриш мусобақасида турли ёш тоифаларига бўлинган ҳолда икки мингдан зиёд умумтаълим мактаблари, академик лицей ва касб-ҳунар таълими муассасалари ўқувчилари, университет ва институтлар талабалари, ҳарбий хизматчилар иштирок этган.

Мусобақа давомида янграган ҳарбий ватанпарварлик руҳидаги куй-қўшиқлар ҳамда Андижон шаҳридаги 2-болалар спорт мактабида тахсил олаётган каратэчиларнинг кўргазмали чиқишлари иштирокчиларга кўтаринки кайфият бағишлаган.

- Давлатимиз раҳбарининг 19 мартдаги видеоселектор йиғилишда илгари сурилган ёшлар бандлигига оид ташаббуслари амалий натижаларини бермоқда, - дейди Ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши раиси Ойбек Юлдашев. – Бундай тадбирлар мунтазам равишда уюштирилиши режалаштирилган.

Ўсмирлар ўртасида Избоскан туманидаги 37-мактабнинг ўқувчилари Файзилло Умаров, Ҳикматилло Хусанбоев, Зокиржон Назимжоновлар биринчи учталикни забт этишган бўлса,қизлар ўртасида Андижон шаҳридаги 1-мактаб ўқувчиси Гулсевар Бозорова, 13-мактаб ўқувчиси Гулчирой Қодирова, Андижон ихтисослаштирилган олимпия заҳиралари мактаб-интернати вакиласи Зарнигор Ғофуржоновалар ғолиблик шоҳсупасидан муносиб жой эгаллашган.

Катталар баҳсида АДУ талабалари Алишер Жакбаров ва Ойшахон Наримоновалар ғолиб бўлган бўлса, икинчи ўринга Андижон агросаноат коллжи ўқувчиси Зокиржон Рўзибоев ва АДУ талабаси Зуҳра Қурбоновалар эгаллаган. Ҳарбий хизматчи Шаҳбозбек Юлдашев ва АДУ талабаси Комила Тўхтасиновалар эса маррани учинчи бўлиб забт этишган.

Ғолибликни қўлга киритган ёшлар Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят Кенгаши томонидан диплом ва қимматбахо совғалар билан тақдирланган.