Андижон 24

АНДИЖОН АҲОЛИСИГА ЯНГИ «АЙЛАНМА» УСУЛИДА СУЮҚ ГАЗ БАЛЛОНЛАРНИ ЕТКАЗИБ БЕРИШ БОШЛАНДИ


28.09.2019   2163

Аввал хабар берилганидек, жорий йилнинг 14 сентябрь куни “Ҳудудгазтаъминот” АЖ Бошқаруви раиси Андижон вилояти Жалақудуқ тумани Тошлоқ МФЙга ташриф буюриб, маҳалла аҳли билан очиқ мулоқот ўтказган эди. Ушбу учрашувда эндиликда маиший газ баллонларини аҳолига етказишда янги усулдан фойдаланиш амалиётга жорий қилиниши маълум қилинган эди. Авваллари, аҳолидан маиший газ баллонлари йиғиб олиниб, орадан 1-2 кун ўтгач қайта тўлатиб олиб келинган бўлса, энди истеъмолчиларга қулайлик яратиш мақсадида, жадвал бўйича белгиланган ҳудуддаги аҳолидан бўш маиший газ баллонлари йиғиб олинади ва шу заҳотиёқўз ўрнида тўлатилган бошқа суюқ газ баллони берилади.

Ваъда берилганидек, жорий йилнинг 24 сентябрь кунидан бошлаб, Андижон вилоятининг бир қанча туманларида янги “айланма” усулида суюқ газ баллонларини етказиб бериш бошланди. Бунга кўра, энди “Ҳудудгаз Андижон” МЧЖнинг шаҳар-туман филиаллари ходимлари белгиланган навбати келган маҳаллага жадвалга асосан суюлтирилган газ билан тўлатилган маиший газ баллонлари билан бориб, жойида аҳолига маиший газ баллонларини алмаштириб беришмоқда.

Ушбу усул билан газ баллонларини тарқатиш мақсадида ҳозиргачаАндижон шаҳри, Андижон, Марҳамат, Пахтаобод, Шаҳрихон ва Жалақудуқ туман филиаллларига жами 4000 минг дона қўшимча газ баллонлари ажратилди. Андижон шаҳрининг Эркин, Андижон туманининг “Янги йўл”, Жалақудуқнинг “Ғозичек” ҳамда Шаҳрихон туманининг “Пахтакўл” маҳалла фуқаролар йиғинлари фуқаролари навбатларига кўра, бу қулайликдан фойдаланишмоқда.

“Ҳудудгаз Андижон” МЧЖ Матбуот хизмати