Андижон 24

АМИР ТЕМУР ШАВКАТИГА, АДЛУ САЛОБАТИГА ЭҲТИРОМ


09.04.2021   638

9 апрель куни миллатимизнинг фахри, дунё тамаддунига мислсиз улуш қўшган буюк саркарда, юксак маънавият соҳиби Амир Темур таваллудининг 685 йиллиги кенг нишонланди.

Амир Темур ибн Муҳаммад Тарағай Барлос мард, жасур, қўрқмас, довюрак инсон, моҳир дипломат, етук сиёсатчи, ботир саркарда, буюк давлат арбоби сифатида жаҳон тарихида ўчмас из қолдирган. Унинг ҳаёти ва фаолияти ҳақида маълумот берувчи ишончли манбалар ўз даврида яратилган “Темур тузуклари”, Шарафиддин Али Яздийнинг “Зафарнома”си ва Ибн Арабшоҳнинг “Ажойиб- ул мақдур фи тарихи Темур” (“Амир Темур тарихида тақдир ажойиботлари”) асарларидир. “Темур тузуклари”да давлатчилик ва дипломатия, ҳарбий маҳорат, бунёдкорлик салоҳияти, илму фан, санъат ва меъморчиликка оид қарашлари, ҳаётнинг маъно-мазмуни, дину диёнат, адолат, салтанат ишларини кенгаш ва тадбир асосида амалга ошириш, умуминсоний ғоялар ҳақида сўз боради.

Соҳибқирон Амир Темурнинг Усмонлилар империяси устидан эришган ғалабасини инглиз тарихчиси Хильда Хукхэм қуйидагича таърифлайди: “Унинг (Амир Темурнинг) душман устидан ғалабаси бир ерда вайронагарчиликлардан, бошқа ерларда эса ҳалокатлардан сақланишга ёрдам берди... ”.

Дунё тамаддунидаЖаҳонгирнинг қандай тарихий шароитда улғайгани ҳақида Шарқ давлатлари билан бир қаторда Европада – Франция, Германия, Буюк Британия ва Испанияда тўрт юз йилдан ортиқ вақт давомида кўплаб илмий ва бадиий асарлар яратилган. Европада эълон қилинган манбалар ичида испан элчиси Руи Гонсалес Клавихонинг “Самарқандга, Амир Темур саройига саёҳат кундалиги”, буюк рассом Рембрандтнинг бобурийлар замонидаги миниатюралардан илҳомланиб, Амир Темур ворислари УмаршайхЗаҳириддин Муҳаммад Бобур, Ҳумоюн ва Акбаршоҳ даврасида тасвирлаганлиги, 1588 йилда инглиз драматурги ва шоири Кристофер Марлоу “Буюк Темур” пьесасида ёш Темурбекнинг тенгсиз ақли, салоҳияти ва шижоати билан жаҳон тарихида энг қудратли подшо бўлганини таърифлаганлиги эътиборга моликдир. Америкалик адиб Эдгар По 1827 йили Амир Темур ҳақида поэма яратган.

Вилоят мудофаа ишлари ҳамда халқ таълими бошқармаси билан ҳамкорликдаАндижон шаҳридаги ҳарбийқисмда сана муносабати билан ташкил этилган тадбир аввалида буюк саркарда монументи пойига гулчамбарлар қўйилди. Шундан сўнг тантанали очилган тематик хонада ёшлар ва қўмондон суҳбати бўлиб ўтди. Шарқий ҳарбий округ қўмондони Лутфулла Бузруков,кўпни кўрган фахрийлар соҳибқироннинг давлат ва жамият тарихининг турли жабҳаларида тутган ўрни ҳақида қимматли маълумотлар бердилар. Умумтаълим мактаблари қошида ташкил этилаётган “Темурбеклар синфи” фаолияти хусусида ҳам илиқ фикрлар билдирилди. Ҳарбий хизматчилар Амир Темурнинг давлатни бошқариш, адолатли сиёсат юритишдаги тамойиллари борасида билимларини намо-йиш этдилар.

Буюк саркарда таваллудига бағишланган тадбирлар меҳнат жамоаларида, таълим муассасаларида кенг нишонланди ҳамда жойларда давом этмоқда.

ГулжаҳонЖАББОРОВА.

Азаматжон ТОШМАТОВ олган сурат.