Бугуннинг гапи

АМАЛДОРНИНГ МИНБАРИ унинг инсофу диёнатидан устунми?


12.06.2019   2480

Бир ойдан ошди, ишхонамизни таъмирлатиш учун усталар билан бирга ўзимиз ҳам ишлаяпмиз. Иш бошлаган кундан буён Олимжоннинг (усталарнинг бошлиғи) ортидан ҳали у, ҳали бу одам излаб келади. Аввалига қўли гул устанинг харидорлари деб ўйлабман. Кейин билсам, қурилиш материаллари дўконининг сотувчилари экан. Шу мавзуда гап очилдию, уста уни нега бетўхтов йўқлашаётгани сабабини эринмай тушунтирди...

Олимжоннинг айтишича, вилоятимиздаги катта бир ташкилот бошлиғи офис олиб, ундан қисқа муддатда таъмирлаб беришиниилтимос килган экан. "Таниш магазинчилардан керакли материалларни ўзингиз қарзга олаверинг, ҳамма харажатларни охирида ҳисоб-китоб қилиб айтасиз, хизмат ҳақига қўшиб тўлайман. қайтанга қўлингизда дадил, яхлит пул бўлади. Муаммо бўлиши мумкин эмас", дебди буюртмачи.

Меҳнатдан толмаган, соддадил уста "Шундоқ катта ташкилот раҳбарининг менга иши тушяпти, алдамайдиган одамга ўхшайди", деб керакли материалларни ўзига таниш дўкондорлардан насияга олиб, ишни бошлаб юборибди. Ҳалол ишлаб ўргангани учун бошқаларни ўзига ўхшатган, чунончи, ўша раҳбарнинг ҳам лафзига ишонган-да! Хуллас, уста таъмирлаш жараёнини шогирдлари билан биргаликда муддатидан аввал якунлабди.

Бироқ ташкилот раҳбари, мана, бир йилдан ошяптики, сўзининг уддасидан чиқмабди. Усталарнинг меҳнат ҳақини қўятуринг, бозордан насияга олинган материаллар пулини ҳам бермабди! Устанинг ягона айби бор-да - қўлида ўртадаги муносабатларни тасдиқловчи хат-ҳужжат йўқ, ҳамма иш эркакча лафзга ишониб қилинган.

Балки Олимжоннинг иши раҳбарга ёкмагандир, деган хаёл ўтди дастлаб. Бироқ қарзини қистаб келган сотувчи йигитнинг уста ҳакидаги фикрларини эшитиб, ўзимдан уялдим. Чунки унинг таърифини эшитиб, ўзим ҳам илтимос қилган, бўш вақтини бир ярим ой кутгандим.

Шу кунгача неча маротаба остонасига бориб, қуруқ қўл билан қайтган уста шогирдларига ҳам, қарзга олинган материалларга ҳам топган даромадини бўлиб-бўлиб тўлаб келаётган экан.

Хуллас, қизиқиш устунлик қилиб, ўша ташкилот раҳбарининг телефон рақамини топиб, боғландим. У таништирган бу инсон Андижон озиқ-овқат таъминот ҳудудий филиали директори бўлиб чиқди.

Суҳбатлашиш жараёнидаги фикрим, муомала маданиятидан тушундимки, унинг учун халқнинг розилиги эмас, аввало, ўзини рози қилиб яшаши муҳимроқ.

Устанинг алдангани, сарсон бўлгани, шогирдлари, таниш дўкондорлар олдида боши эгилгани ҳам майли. Энг муҳими, унинг ёлғончи раҳбар тимсолида давлат идоралари раҳбарларига, амалдорларга бўлган ишончига путур етганлиги-чи? Бирники - мингга, мингники - туманга, деган гап бежиз айтилмаган ахир. Сиз бунга нима дейсиз, азизлар?

Гавҳарой ҲАСАНОВА,

Журналист

(«Андижоннома» газетасининг 2019 йил 12 июнь кунги 45-сонидан олинди)