Андижон 24

АМАЛДОРЛАР ДАВЛАТ ТИЛИДА ИШ ЮРИТИШ БЎЙИЧА ЎҚИТИЛАДИ


07.03.2020   1773

Вазирлик, идора, ҳокимият ва хўжалик бирлашмалари ходимлари давлат тилида иш юритиш бўйича ўқитилиши йўлга қўйилади.

Шу мақсадда Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ҳузурида Давлат тилида иш юритиш асосларини ўқитиш ва малака ошириш маркази ташкил этилади. Бу ҳукуматнинг 3 мартдаги қарорида кўзда тутилган, дея хабар берди Адлия вазирлиги.

Марказ ва унинг ҳудудий бўлинмаларида вазирлик ва идоралар, ҳокимликлар ва хўжалик бирлашмалари ходимлари пулли шартнома асосида ўқитилади.

Ишдан ажралган ҳолда таълим олаётган тингловчиларнинг асосий иш жойидаги лавозими ва ўртача ойлик иш ҳақи сақланади.

2020/2021 ўқув йилидан бошлаб:

давлат университетлари ва педагогика институтларида ўзбек тили ва адабиёти бакалавриат йўналишида сиртқи ва кечки таълим шакли ташкил этилади;

университетда"Синхрон таржима" ва «Компьютер лингвистикаси» магистратура мутахассисликлари бўйича кадрлар тайёрланади.

Шунингдек, 2020 йилдан бошлаб «Эл-юрт умиди» жамғармаси стипендияси танловларини ўтказишда ўзбек тили методикаси соҳаси инобатга олинади.