ЖАМИЯТ

АМАКИСИНИНГ ҚИЗИГА МУШТ КЎТАРГАН ОЛТИНКЎЛЛИК ШАХСГА ҲУКМ ЎҚИЛДИ


28.07.2021   1552

Жаҳл келганда ақл кетади, деб бежиз айтишмаган. Олтинкўл туманида яшовчи Обиджон Содиқов (исм-фамилиялар ўзгартирилган) ҳам ғазаб отига миниб, хатти-ҳаракатларини жиловлай олмаганлиги ортидан бугун пушаймон еб ўтирибди.

Аслида воқеа наинки Обиджон, балки оила аъзоларининг ҳам оддий тартиб-қоидалар, хусусан, ҳар қандай низони қонуний йўл билан ҳал этишга ақли етмаслиги, шунинг баробарида, қариндошларига нисбатан оқибатсизлиги ортидан келиб чиқди.

Тўрт йил аввал Обиджоннинг амакиси омонатини топширган экан. Марҳум ҳаётлик чоғида ўзлари яшаб келган турар-жойни турмуш ўртоғи Моҳирахоннинг номига расмийлаштириб беради. Моҳирахон ўтган йили ёлғиз қизи Нозимахонни турмушга узатади. Маълум бўлишича, ҳамма можаро шундан сўнг келиб чиққан.

Яъниким марҳумнинг акаси Олимжон қиш кунларининг бирида оила аъзолари билан укасининг беваси яшаётган хонадонга кўчиб келиб, мазкур уй-жойга эгалик қилиш даъвосини илгари сура бошлашади. Турган гапки, икки ўртада гап қочиб, бошланган даҳанаки жанг Моҳирахоннинг ўз ҳаракатларини жиловлай олмаган овсини томонидан бир неча дераза ойналарини уриб синдирилиши билан якунланади. Бу орада воқеадан телефон орқали хабар топган Нозимахон дарҳол онасининг олдига етиб келади ва амакисига савол беради: “Нега онамнинг тинчлигини бузяпсизлар? Нима учун ойналарни синдирдинглар?”

Нозимахон саволига жавоб олиб улгурмай, унга амакисининг қизлари мушт ўқталиб, шовқин-сурон кўтара бошлашади. Жанжал устига етиб келган Обиджон ҳам ўртадаги вазиятни юмшатиш, можарони тинч йўл билан ҳал этиш ўрнига амакиваччаси Нозимахоннинг юзига зарб билан уради. Жабрдийдани онаси Моҳирахон зўравоннинг қўлидан аранг ажратиб қолади. Бу пайтда Нозимахоннинг оғзи-бурни қонга тўлиб бўлган эди…

Мазкур воқелик тўпланган далиллар, гувоҳларнинг кўрсатмалари асосида судда атрофлича муҳокама қилинди ҳамда жиноят ишлари бўйича Андижон тумани суди томонидан Обиджон Содиқов Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан айбли деб топилди. Унга ҳар ойлик иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромадига ундириш белгиланган ҳолда 1 (бир) йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди. Жабрланувчига эса жиноят оқибатида етказилган моддий ва маънавий зарарларни судланувчидан ундириш хусусида фуқаролик суд ишларини юритиш тартибида судга мурожаат қилиш ҳуқуқлари тушунтирилди.

Айни ҳолат низони қонуний ҳал этиш ўрнига билагига зўр беришни ўйлайдиганларга сабоқ бўлиши даркор. Зеро, ўзганинг ҳақ-ҳуқуқини топташга, қасддан шикаст етказишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ.

Абдуҳаким ТЎРАЕВ,
жиноят ишлари бўйича Андижон тумани суди раиси.

Манба: andijon24.uz