ЖАМИЯТ

АЛКОГОЛИЗМ ВА СОҒЛОМ ТУРМУШ ТАРЗИ


07.06.2018   7106

Аксарият касалликларнинг олдини олишда инсоннинг кечираётган турмуш тарзи катта аҳамиятга эга. Соғлом турмуш тарзи баркамол ҳаёт ва узоқ умр кечиришнинг гарови эканлиги ҳаммага маълум. Соғлом турмуш тарзининг асосий шартларидан бири эса спиртли ичимликларсиз ҳаёт кечиришдир. Спиртли ичимликларни сурункали, меъёридан ортиқ истеъмол қилиш алкоголизм касаллигини келтириб чиқаради.

Жаҳон Соғлиқни Сақлаш Ташкилотининг маълумотларига кўра, ўлимга олиб келувчи сабаб сифатида спиртли ичимликлар дунёда ўсма касалликлари ва юрак қон томир касалликларидан кейин учинчи ўринда туради. Унинг оқибатида инсон умри 15-20 ёшга қисқаради. Спиртли ичимликларни истеъмол қилиш икки турга бўлинади: турмушдаги ичкиликбозлик ва алкоголизм.

Турмушдаги ичкиликбозлик – бу байрамларда, тўй зиёфатларда спиртли ичимликларни оз-оздан, меъёрида истеъмол қилишдир. Бу даврда истеъмолчида спиртли ичимликларни истеъмол қилиш миқдорини ва муҳитни назорат қилиш сақланиб қолади. Чунки, истеъмолчида ичкиликка нисбатан қарамлик ҳисси ривожланмаган бўлади.

Алкоголизм турида енгиб бўлмайдиган спиртли ичимлик кайфини қўмсаш майли пайдо бўлади. Кишида спиртли ичимликка нисбатан рухий ва жисмоний қарамлик ривожланади. Бемор рухиятидаги кўнгил хотиржамлиги ва бемаллоллик фақат спиртли ичимлик истеъмолидан сўнггига юзага келади. Аксинча эса, хумор синдроми юзага келади. Алкоголизмнинг тана асоратларидан бири жигар циррози ва цирроз олди касалликлари: ўткир алкогол гепатит ива жигарнинг ёғли листрофиясидир. Ҳозирги кунда барча жигар циррозларининг 30-40 фоизига спиртли ичимлик ягона сабабчи эканлиги тасдиқланган.

Алкоголизм оқибатида беморнинг ижтимоий муносабатлари сустлашиб қолади, касбий маҳорати пасайиб бемор шахси емирилади.

Алкоголизмни даволаш замонавий дори-дармонлар ва технологиялар воситаси билан олиб борилганда самара бермоқда. Касалликни фаол даволаш тури бизнинг «Соғлом турмуш» клиникамизда амалга оширилмоқда. Клиникада алкоголизмни даволашда комплекс тадбирлардан фойдаланишни лозим кўрамиз. Бемор аввало кенг кўламдаги психологик ва тана текширувларидан ўтказилиб фильтрланади ва гуруҳларга ажратилади. Соматик текширув мобайнида беморнинг тана аъзоларидаги касалликлар ҳамда алкоголизмнинг тана асоратларигача аниқлаб тўғри ташхис қўйилади. Ичкиликбозликни даволашда бемор танасига эътибор бериб, беморни соғломлаштириш шифонинг биринчи талаби деб ҳисоблаймиз. Фақат танаси соғломлашган беморгина чин дилдан ихлос қўйиши мумкин. Психологик теширувда беморнинг фаол даволанишга хоҳиши бор йўқлиги аниқланади.

Мутахассис психологлар беморда даволаниш хоҳиши пайдо қилиш ва мусатаҳкамлашга қаратилган тадбирларни қўллайдилар. Бемор барча текширувлардан ўтиб гуруҳларга ажратилгандан сўнггина, шу гуруҳлар учун ишлаб чиқилган андозалар асосида комплекс ва индивидуал даволаш дастури тузилади. Даволаш услублари бемор ва унинг оила аъзолари билан албатта муҳокама қилиниб, унинг розилиги олингандан сўнг даволаш жараёнлари амалга оширилади. Бемор оила аъзоларининг даволаш жараёнида иштирок этиши муваффақият гарови ҳисобланади. Бемор клиникадаги барча даволаниш босқичларидан ўтгандан сўнг, даволаниш натижасини аниқлаш учун яна психологик тестлар орқали текширилади ва янги гуруҳларга ажратилади. Ҳар бир гуруҳ учун алоҳида назорат муддати белгиланади. Бемор 1-2 йил мобайнида ҳар ойда ёки 3 ойда бир шифокор назоратида бўлади. Бундай имкониятга эса бўлмаган беморлар учун электрон алоқа воситалари орқали клиник шифокорлар билан мулоқотда бўлиш талаб қилинади.

Ушбу тестлардан учтаси ва ундан ортиғи сизнинг фикрингиз билан мос келса, мутахассис наркологга мурожаат қилинг:

  • Спиртли ичимлик ичганимдан сўнг, ўзимни айбдор ҳисоблайман:
  • Спиртли ичимликларнинг инсон организмига зарари йўқ, деган фикрга қўшиламан:
  • Спиртли ичимликлар стрессларни енгишга ёрдам беради, деб ҳисоблайман:
  • Спиртли ичимлик ичганимдан сўнг, ўзимни ёмон ҳис қиламан, тана аъзоларимнинг баъзилари безовта қилади.
  • Спиртли ичимликни тетик ва бардам бўлиш учун ичаман:
  • Спиртли ичимликни, агар хоҳласам ичмай қўйишим мумкин:
  • Ҳар куни уйқудан олдин озгина спиртли ичимлик ичишга одатланганман, бунинг зарарини сезганим йўқ:
  • Тушликкача озгина спиртли ичимлик ичиб олсам ўзимни ёмон ҳис қиламан.
  • Спиртли ичимликлардан фойдаланиб, касалликларимни даволайман:
  • Ўзим спиртли ичимлик ичиб турсам-да, фарзандларим истеъмол қилишини хоҳламас эдим.

Шукурулло ЖАЛИЛОВ,

«Соғлом турмуш» клиникаси бош шифокори.