ЖАМИЯТ

«АЛ АНДИЖОНИЙ» БРЕНДИ ОСТИДА АРАБИЙ ЛИБОСЛАР ДУНЁ БОЗОРИГА ЙЎЛ ОЛАДИ


25.07.2019   1254

Саудия Арабистонининг Мадина шаҳридан келган Абдулбосит Абдулҳодий Андижонда тикувчилик йўналиши бўйича истиқболли лойиҳани тақдим этди, дея хабар берди «Халқ сўзи» нашрига асосланган ҳолда Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати.

— Арабларнинг миллий кийимлари Хитойда ишлаб чиқарилади, — дейди инвестор. — Лекин Ўзбекистонда етиштирилган пахта хом ашёси сифатлилиги билан ажралиб туради. Шу сабабли Қўрғонтепа туманидаги «Қўрғон грук» МЧЖ билан ҳамкорликда араблар миллий кийимларини тайёрлашни режалаштирдик. Бунинг учун Андижонда барча шароит бор.

Лойиҳа амалга оширилгач, дастлаб 100 та иш ўрни яратилади. Бу эса «Қўрғон грук»нинг ишлаб чиқариш суръати уч баробар ортишига сабаб бўлади. Ҳамкорликдаги режалар ижобати натижасида қўрғонтепалик чеварлар томонидан тикилган маҳсулотлар «Ал Андижоний» бренди остида дунё бозорига кириб боради.