Хорижда

АҚШ ПРЕЗИДЕНТИ ДОНАЛЬД ТРАМПНИНГ УКАСИ 71 ЁШИДА ОЛАМДАН ЎТДИ


16.08.2020   759

АҚШ президенти Дональд Трампнинг кенжа укаси Роберт 71 ёшида оламдан ўтди. Бу ҳақда Америка президенти Оқ уйдаги баёноти орқали маълум қилди.

«Юракда қаттиқ оғриқ билан укам Роберт бугун кечаси вафот этганини маълум қилмоқчиман. У нафақат укам, балки энг яқин дўстим эди», — деган Трамп.

Роберт Трамп касалхонага тушиб қолгани тўғрисида 14 август куни маълум бўлганди. «Президентнинг укаси касалхонага ётқизилгани тўғрисидаги хабарни тасдиқлай оламан», — деганди Оқ уй матбуот котиби ўринбосари Жадд Дир. Бироқ бунга нима сабаб бўлганига ойдинлик киритмаган эди.

АҚШ президенти шу куннинг ўзида Нью-Йоркдаги касалхонага бориб, укасининг ҳолидан хабар олган. ABC News телекомпаниясининг маълум қилишича, Роберт Трамп «жуда оғир аҳволда» бўлган.

Маълумот учун, Роберт Трамп 1948 йилда туғилган бўлиб, у Американинг амалдаги президентининг икки ёшга кичик. Роберт Трамп аввал акасига қарашли Trump Organization компаниясида юқори лавозимда ишлаган. У 2016 йилда New York Post нашрига берган интервьюсида акасининг АҚШ президенти лавозимига сайланишининг энг катта тарафдори эканини ва уни «минг фоизга» қўллаб-қувватлашини айтган.

Роберт Трампнинг номи июлда янгиликларда тилга олиниб, у ўз жияни Мери Трампни амакиси Дональд Трамп ҳақидаги китобни чоп этишдан қайтаришга ҳаракат қилгани маълум қилинганди. Мери Трамп ўз китобида амакиси Дональдни отаси Фред 1981 йилда ўлим тўшагида ётганда уни йўқламаганликда айблаган.

Манба: daryo.uz