Жамият

АҲОЛИНИ РЎЙХАТГА ОЛИШ: ТАЙЁРГАРЛИК ЖАРАЁНИ ҚАНДАЙ КЕЧМОҚДА?


06.09.2021   464

Андижонда аҳолини рўйхатга олиш масалаларига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 5 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида 2022 йилда аҳолини рўйхатга олишни ўтказиш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармонига асосан, мамлакатимизда аҳолини рўйхатга олиш тадбирини ўтказиш белгиланган.

Ўзбекистон Республикаси Давлат статистикаси қўмитаси раиси ўринбосари Аъзам Икрамов, мутасадди ташкилотлар вакиллари иштирокида вилоят статистика бошқармасида бўлиб ўтган йиғилишда мазкур жараёнга, қолаверса, шу йил ноябрь ойида Хўжаобод туманида синов тариқасида ўтказиладиган аҳолини рўйхатга олиш тадбирига тайёргарлик масалалари муҳокама қилинди.

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 11 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикасида 2023 йилда аҳолини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан, Ўзбекистон Республикасида аҳолини синов тариқасида рўйхатга олиш тадбири 2021 йил 1- 25 ноябрь кунлари Андижон вилоятининг Хўжаобод тумани, Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ тумани, Хоразм вилоятининг Хива шаҳри ҳамда Тошкент шаҳрининг Яшнобод туманида амалга оширилиши белгиланган.

- Аҳолини рўйхатга олиш орқали мамлакат аҳолиси сони тўғрисидаги ишончли ахборот манбаи шакллантирилади, - дейди Ўзбекистон Республикаси Давлат статистикаси қўмитаси раиси ўринбосари Аъзам Икрамов. - Мазкур жараён уч босқични қамраб олади. Биринчиси – тайёргарлик босқичи бўлиб, уч йилга яқин вақт давом этади.

Иккинчи босқич бевосита аҳолини рўйхатга олиш тадбири амалга оширилади, яъни аҳоли тўғрисидаги маълумотлар йиғилади, назорат текшируви ўтказилади ва рўйхатга олиш материаллари топширилади.

Сўнгги босқичда эса олинган маълумотлар кодлаштириш ёрдамида таҳлил этилиб, натижалар расман эълон қилинади.

Хўжаобод туманида бу борада амалга оширилаётган ишлар билан бевосита танишиб чиқилди.

Йиғилишда мазкур жараёнга тайёргарлик, бажарилган ишлар, йўналишлар бўйича хариталарда аниқланган хато ва камчиликларни тузатиш, мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда лозим бўлган ўзгаришларни киритиш хусусида фикр алмашилди.

Ф.УБАЙДУЛЛАЕВ.