ЖАМИЯТ

АҲОЛИГА ГАЗ БАЛЛОНЛАРИ МУДДАТИДАН АВВАЛ ЕТКАЗИБ БЕРИЛМОҚДА


08.07.2020   3252

Булоқбоши туманидаги “Байналминал” МФЙда 828 та суюлтирилган газ истеъмолчилар мавжуд. Улардаги 963 та маиший газ баллонлари эса “айланма” усул бўйича ҳар 20-25 кунда алмаштирилиб берилмоқда. Бундан эса маҳалла аҳли беҳад хурсанд.

Булоқбошининг Имомота тоғлари ёнларида жойлашган ушбу маҳаллада асосан қирғиз ва ўзбеклар азал-азалдан ёнма-ён яшаб келишмоқда. Маҳалланинг “Қиса кўз” кўчасидаги айрим хонадонларга ташриф буюрдик. Хонадон эгаларидан суюлтирилган газ таъминоти ҳақида сўраймиз. Ҳаммадан бир жавоб олдик: “...келиши 20-25 кун. Тарозида ўлчаб беришмоқда...”

Жорий йил бошидан бери “Булоқбошитумангаз” филиали томонидан 1100 тоннадан зиёд суюлтирилган газ 19 мингга яқин истеъмолчиларга етказиб берилди. Карантин даврида ҳам таъминотда узилиш бўлмади. Мақсад – истеъмолчини газга бўлган эҳтиёжини ўз вақтида қоплаш.

“Карантин даврида тиббиёт ходимларининг кўрсатмаларига ва махсус қоидаларга амал қилмоқдамиз. Барча техник ходимларда ниқоб, қўлқоп ва антисептиклар мавжуд. Ахир, биз ҳар куни ҳар хил хонадонга ташриф буюрамиз. Таъминотни узлуксизлигини таъминлаган ҳолда, аввало, ўзимиз ва оиламиздагилар саломатлигини ҳам эҳтиёт қилишимиз зарур”- дейди “Булоқбошитумангаз” филиалининг суюлтирилган газ етказиб бериш муҳандиси Музаффар Арипов.

“Ҳудудгаз Андижон” МЧЖ матбуот хизмати