Жамият

Аҳмадбойга ҳадемай ҳукм ўқилади


16.02.2018   441

Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти судида Аҳмадбой (Аҳмаджон Турсунбоев) ва унинг шериклари иши бўйича якуний суд мажлислари бўлиб ўтяпти.

«Дарё» манбаси берган ахборотга кўра, 16 февраль куни судланувчи Аҳмадбой ва унинг шерикларига сўнгги сўз айтиш имкони берилади. 19 февраль куни эса суд ҳукми эълон қилиниши кутилмоқда.

Икки баробар қилиб қайтариш ваъдаси билан жуда катта миқдордаги омонат маблағларни миллий ва хорижий валютада қабул қилиш билан ноқонуний равишда шуғулланиб келган (молиявий пирамида ташкил этган) чинозлик Аҳмадбой 2016 йил июни ойи ўрталарида қўлга олинган эди. У бундай фаолият билан бир неча йил шуғулланган - қўлга олинган вақтида Аҳмадбойга пул берган ёки ундан пул олган одамлар сони бир неча ўн мингга етган.

Унга нисбатан Жиноят кодексининг тўрт моддаси бўйича айблов қўйиляпти. Дастлабки суд мажлислари 2017 йилнинг августида бўлиб ўтган, хусусан, биринчи йиғилишларда суд залига одам сиғмай кетган эди. Қайд этиш жоиз, айнан Аҳмадбойнинг фаолияти сабаб, Ўзбекистонда молиявий эҳромларни ташкил қилганлик учун жиноий жавобгарлик жорий этилди.

Аҳмадбой қўлга олинган дастлабки даврда унинг фаолиятини тўхтатиш ўрнига, бир неча йил давомида унга раҳнамолик қилиб келган амалдорлар, ҳуқуқ-тартибот органлари вакилларининг ҳаракатларига ҳам тергов жараёнида ҳуқуқий баҳо берилиши айтилганди.