Бугуннинг гапи

АҲМАДБОЙ ИШИ БЎЙИЧА УЧИНЧИ СУД ИШИ ҲУКМИ ЭЪЛОН ҚИЛИНДИ


31.10.2019   1970

Ўзбекистон тарихидаги энг машҳур молиявий пирамидани қурган чинозлик Аҳмадбой (Аҳмаджон Турсунбоев) ва унинг шерикларига нисбатан навбатдаги суд ҳукми эълон қилинди. Бу ҳақда «Дарё»га Олий суд расмий котиби Азиз Обидов маълум қилди.

Аҳмадбой ва унинг жиноий шерикларига нисбатан ўтган йили жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоят суди ҳукм чиқарган эди. Унга кўра, Аҳмаджон Турсунбоевга 13 йил озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинлган, 1 йил тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш тақиқланган ва энг кам иш ҳақининг 400 баравари миқдорида жаримага тортилганди.

2019 йил 28 октябрь куни жиноят ишлари бўйича Қуйичирчиқ туман суди биносида судланувчилар Аҳмад Турсунбоев ва бошқаларга (судланувчиларнинг умумий сони — 16) нисбатан жиноят ишининг тергов билан якунланган қисмини кўриб чиқиш бўйича учинчи очиқ суд жараёни ниҳоясига етди ва суд ҳукми эълон қилинди.

Мазкур жиноят иши жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоят судининг судьяси Х. Шермуҳамедов раислигида кўриб чиқилди.

Суд жиноят иши материалларини ҳар томонлама ва тўлиқ ўрганиб, Аҳмаджон Турсунбоевни Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) 3-қисми «а», «в» бандларида кўзда тутилган жиноятни содир этишда айбдор деб топиб, унга ушбу модда билан 9 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлади.

Аҳмаджон Турсунбоевга Жиноят кодексининг 59-моддаси 8-қисми ва 61-моддалари тартибида тайинланган жазога қисман жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоят судининг 2019 йил 20 майдаги ҳукми билан тайинланган жазосини қўшиб, узил-кесил ўташ учун 1 йил муддатга тадбиркорлик билан шуғулланиш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда 14 йил 3 ой озодликдан маҳрум қилиш ҳамда энг кам ойлик иш ҳақининг 400 баравари миқдорида 52 096 000 сўм жарима жазолари тайинланди.

Шу билан бирга, Аҳмаджон Турсунбоевга тайинланган озодликдан маҳрум қилиш жазосининг ўталмаган муддати, Олий Мажлис Сенатининг 2016 йил 12 октябрдаги «Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг йигирма тўрт йиллиги муносабати билан амнистия тўғрисида»ги Қарорининг 6-банди «б» кичик бандига асосан тўртдан бир қисмига қисқартирилди. Жазони умумий тартибли колонияларда ўташ ва жаримани давлат даромади ҳисобига ундириш белгиланди.

Ушбу суд жараёнида 230 дан зиёд жабрланувчилар кўрсатмалари тингланди ва уларга етказилган моддий зарар ундирилиши белгиланди.

Манба: daryo.uz