ЖАМИЯТ

“АХБОРОТДАН ТОЛИҚИШ” КАСАЛЛИГИГА ЧАЛИНМАСЛИК УЧУН НИМА ҚИЛИШ КЕРАК?


18.04.2020   648

Танишимга зарур юмуш билан қўнғироқ қилдим. ҳадеганда рақам банд бўлаверди. Ярим соатга яқин вақт ўтди. Аммо ҳамон боғланиб бўлмади. Бироздан сўнг ўзи телефон қилди. Хотиржамгина дугонаси билан суҳбатлашаётганини айтди. Қизиқ телефон зарурий алоқа воситаси экан, унда сўзлашиш одобу меъёрларига амал қилиш керак эмасми?!

Нуфузли йиғилишдамиз. Катта бир ташкилот раҳбарининг маърузаси бўлаётган вақтда тўсатдан кимнингдир телефони жиринглаб кетди. Бутун зал нигоҳи билан телефон эгасини қидирди. Ўша одам ҳам телефонини чўнтагидан олиб ўчиргунга қадар маъруза тўхтади. Шунда бояги раҳбар “ИлтимоС, телефонларингизни ўчириб қўйинглар”, деди оҳисталик, аммо асабий бир қатъият билан.

Гоҳида ёши улуғ нуронийларимиз юқоридаги каби маданиятсизликка чидолмай, юмшоқлик билан “Бу телефон деганлари сиз учун ўйлаб топилган экан-да”, дея дакки берганларининг гувоҳи бўламиз. Бироқ ўзимиз кези келса, ёнгинамизда телефонда суҳбат жараёнида ҳурмат чегараларини бузаётган баъзи бировларни тартибга чақирмаймиз. Ўзимизча, “одоб сақлаймиз”. Аслида эса бу андишамиз билан одоб-аҳлоқдан тобора узоқлашиб бораётганлигимизни сезмаймиз. Бу жараён назаримда, “оммавий маданият”нинг тобора илдиз отиб, ҳаётимизга кўрсатаётган таъсиридир.

Илмий асосларга мурожаат қилсак. Бугунги кунда мамлакатимизнинг 90 фоиз аҳолиси уяли алоқа воситаларидан фаол фойдаланади. Мобиль телефондан фойдаланишга бўлган эҳтиёж аниқ ва мақсадли бўлса, бу жараён шахс руҳиятига ижобий таъсир кўрсатади. Бу борада ўтказилган сўровномада иштирок этганларнинг 60 фоизи телефондан асосан алоқа-алмашинув воситаси сифатида, қолганлари эса “смс” хабарлар жўнатиш, ўйинлар ўйнаш, интернетдан фойдаланиш мақсадида ишлатишлари маълум бўлди. Психология фанлари доценти, тажрибали рухшунос Наима Ҳалимованинг таъкидлашича, телефонда сўзлашиш давомида қўл ҳаракатлари, имо-ишоралар ва образли кўринишларнинг ишлатилиши ноўрин. Агар атрофда одамлар бўлса, овоз паст-баландлиги, эмоционал ҳолатлар мутлақо кулиш мумкин эмас. Бундан ташқари, йиғилишларда, дарсхоналарда мобиль телефонидан фойдаланиш қатъиян маън этилади. Жамоат жойларда, айниқса, транспортларда имкони қадар телефонда суҳбатлашмаслик жоиз. Бу атрофдагиларнинг руҳий ҳолатига салбий таъсир кўрсатади. Шифокорларнингқайд қилишича, уяли алоқа воситасида узоқ сўзлашиш асаб тизимига кучли таъсир қилиб, хотиранинг сусайишига, кўриш қобилиятининг пасайишига олиб келади.

Кўринадики, биз педагог сифатида ёшлар орасида бу борада тарғибот ишларини кучайтиришимиз зарур. Телефонда ногтўғри фойдаланиб, “ахборотдан толиқиш” хасталигига чалинмаскликлари олдини олишимиз керак.

Нафисахон НАЗАРОВА,

Андижон шаҳридаги 13-ИДУМ математика фани ўқитувчиси.