Ҳужжатлар

АДТИ матбуот хизмати хабар қилади: ТИББИЁТНИНГ ДОЛЗАРБ МУАММОЛАРИ ЁШ ОЛИМЛАР ТОМОНИДАН МУҲОКАМА ҚИЛИНДИ


27.04.2020   78

Ўзбекистон Республикасининг Соғлиқни сақлаш,

Олий ва ўрта махсус таълим, Инновацион ривожланиш вазирликлари ҳамда
Андижон давлат тиббиёт институти ҳамкорлигида “Тиббиётнинг долзарб муаммолари” мавзуcидаги ёш олимлар республика илмий-амалий видеоконференцияси бўлиб ўтди. Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йилига бағишланган ушбу тадбирда Видеоконференцияда мамлакатимизнинг барча тиббиёт олий ўқув юртларидан ёш олимлар иштирок этишди.

“COVID – 19” пандемияси оқибатида карантин ҳудудига масъуллиги сабабидан видеоконференцияда иштирок эта олмаётган институт ректори, профессор М. Мадазимовнинг табрик сўзи ўқиб эшиттирилди. Сўнг ёш олимларнинг маърузалари тингланди. Видеоконференция ўз ишини ўзбек, рус ва инглиз тилларида олиб борди.

Анжуманга ички касалликлар, жарроҳлик, акушерлик-гинекология ва педиатрия, медико-биологик фанлари йўналишлари бўйича 40 ортиқ маърузалар, 700 дан зиёд тезислар тақдим этилган. Барча тезислар босма ва электрон тўплам шаклида чоп этилди. Маърузаларнинг долзарблиги, мақсад ва вазифалар, қўлланилган усуллар, олинган натижалар, муҳокама, хулосаларга асосан махсус ҳайъат тамонидан баҳоланди.

Ҳакамлар эътирофига кўра, АДТИ даволаш факультетининг 5-курс талабаси Исломбек Бекташев I даражали диплом билан билан тақдирланди. “Силгачалинган беморларда дори воситаларига турғунлик ривожланишининг олдини олиш” номли маърузаси унга шундай муваффақиятни олиб келди.

Шунингдек, видеоконференция давомида 3 та номинация бўйича ғолиблар ҳам аниқланди. Тошкент Педиатрия тиббиёт институтининг 2-курс талабаси Шоҳруҳ Иброҳимов “Энг ёш олим”, Тошкент тиббиёт академияси Термиз филиали талабаси Дилмурод Муҳаммаджонов “Энг яхши илмий ғоя”,ТТА Фарғона филиали ассистенти Юлдуз Болтаева “Энг яхши ижодий ёндашув” номинацияларида пешқадам бўлдилар.

Шунингдек, танлов ҳакамлар қарори билан бир гуруҳ ёш олимлар қўшимча равишда рағбатлантирилди. Видеоконференциянинг барча иштирокчилари эса сертификат билан тақдирланди.

Н. ЭРГАШЕВ.