Жамият

АДТИ клиникаси: ТЎРТТА БЎЛИМ ЯНГИЛАНДИ


05.09.2019   148

Андижон давлат тиббиёт институти клиникасида яна бир даволаш блоги капитал таъмирдан сўнг фойдаланишга топширилди.

Уч қаватли бинода кардиология, гематология, нейрожарроҳлик ва вертебрология бўлимлари жойлашган бўлиб, 130 ўринга мўлжалланган.

– Реконструкция натижасида кардиология бўлимида 8 ўринга мўлжалланган кардиореанимация палатаси ташкил қилинди, – дейди бўлим мудири Шарифжон Умаров. – Унда оғир ҳолатдаги беморлар даволанади. Уларга ёрдам кўрсатувчи шифокорлар малака ошириш курсларида ўқиб, тайёргарликдан ўтган.

Айтиш жоизки, клиниканинг нейрохирургия ва вертебрология бўлимларида бош мия, орқа мия ва умуртқа поғонасида мураккаб турдаги операциялар бажарилади.

Замонавий кўринишга келтирилган, бемор ва шифокорлар учун қулайликларга эга бинода жиҳозлар ҳам тўла янгиланди. Реконструкция ишлари "Хон" ишлаб чиқариш корхонаси томонидан сифатли бажарилди. Булар учун жами 4,6 миллиард сўм маблағ сарфланди.

1971 йилда қурилган клиника республикамизнинг энг йирик шифохоналардан бири бўлиб, 665ўринга мўлжалланган. 13 та блок, 20 та даволаш ва 15 та ёрдамчи диагностика бўлимлардан иборат. Ташкил этилганидан буён янгиланмаган бу йирик шифо маскани Президентимиз ташаббуси билан босқичма-босқич капитал реконструкция қилинмоқда. Сўнгги уч йилда учта блок капитал таъмирдан чиқарилган бўлса, 2022 йилга қадар қолганлари ҳам янгиланади.

Соҳибназар АбдулбоҚиев.

Муаллиф олган сурат.