Жамият

АДОЛАТ КУШАНДАСИ ҲАҚИДА ИНШОЛАР ТАНЛОВИ ЎТКАЗИЛДИ


18.06.2019   115

Коррупция бор жойда ортидан яна кўплаб иллатлар урчийди. Бугун жамиятимизда пораҳўрликка қарши кескин кураш олиб борилмоқда. Эртамиз эгаларини ҳам ундан огоҳ этиш, тушунчаларини ошириш мақсадида кенг кўламли ишлар ташкил этилмоқда. Республикамиз барча коллежларининг 3 - босқич ўқувчилари ўртасида ўтказилган иншолар танлови ҳам ана шу эзгу мақсад йўлида ташкил этилди.

“Биз ёшлар юртимизга хизмат қилишда виждонли, инсофли ва халол бўлишимиз шарт” шиори остида “Коррупция – адолат кушандаси” мавзусидаги танловига қишлоқ хўжалиги касб-ҳунар коллежида ҳам пухта тайёргарлик кўрилди. Иштирокчилар ўртасида ритуал ташкил этилиб, сўзга чиққанлар мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотлар ва уларга тўсиқ бўлаётган иллатлар хусусида гапирдилар.

- Касб - ҳунар таълими марказининг жорий йил 27 майдаги буйруғи асосида ўтказилаётган танловга барча битирувчилар жалб этилди, - дейди маънавият-маърифат ишлари бўйича коллеж директорининг ўринбосари Ойдиной Сайфуддинова. – Ўқувчилар ўз фикрларини эркин ифода этишлари учун барча шароитлар яратилди. Уларнинг иншолари республикада юқори ўринларни эгаллашига умид билдириб қоламиз.

Бир қатор алоқадор ташкилотлар ҳамкорлигида танловни юқори савияда, белгиланган талабларга амал қилган ҳолда ташкил этиш мақсадида керакли куч ва воситалар жалб этилди.

Иллатнинг катта кичиги бўлмайди. Вақтида барҳам берилмаса, илдиз отиши, жамият, тараққиёт учун катта хавфга айланиши мумкин. Ўқувчилар тушунчаларини ифода этиш орқали коррупция ва унинг салбий оқибатларини ифодалашга ҳаракат қилдилар. Ўз муносабатларини акс эттирдилар.

- Коррупция ва бошқа иллатлардан ҳоли бўлиш учун яхши илм олишимиз, ўз меҳнатимиз билан кўзлаган натижаларга эришиш учун интилимиз керак, - деди танлов иштирокчиси Дониёрбек Комилжонов. – Барча имкониятлар муҳайё этилаётган бир даврда оқилона фойдаланмаслик бизга ярашмайди. Ўз кучимиз билан ҳаракат қилсак, турли хил ноқонуний хатти-ҳаракатларга қарши турсак келажакда бугунгидан ҳам фаровон ҳаётга эришамиз.

Дарҳақиқат, бугундан бошлиб ёшларни билимга, меҳнатга, ҳаётга муҳаббатини ошириш, уларга тўғри йўлдан бориши учун имконият яратиш, иллатга қарши курашиш иммунитетини ҳосил қилиш келгусида ўз самарасини беради.

М.Тўхтаназаров.