ЖАМИЯТ

Адабий анжуман: «БОБУР САЛТАНАТИ» (ТАРИХИЙ ЭССЕ) КИТОБИНИНГ ТАҚДИМОТИ


19.01.2021   1578

Муҳаммад Юсуф номидаги ижод мактабида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, "Дўстлик" ордени соҳиби Фарид Усмоннинг "Бобур салтанати" (тарихий эссе) номли янги китобининг тақдимоти ўтказилди. Унда таниқли ижодкорлар, олимлар, маънавият ва санъат аҳли вакиллари, ёшлар иштирок этдилар.

Фарид Усмон сўзига басталанган машҳур "Ўшал дамлар" қўшиғига ёшларнинг рақси билан бошланган адабий анжуман барчага хуш кайфият улашди.

Тадбирни Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими раҳбари, шоира Хуршида Ваҳобжон қизи кириш сўзи билан очиб, Адибнинг ҳаёти ва ижодига тўхталди. Янги китобнинг мазмун-моҳияти, аҳамияти ҳақида гапирди.

Шундан сўнг, Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, Андижон давлат университети доценти, шоир Ҳалим Карим, адабиётшунос олим Бегали Мўминов, Республика маънавият ва тарғибот маркази вилоят бўлими раҳбари Муроджон Ғофуров, ижодкорлар, Тўлқин Сиддиқ, Ғани Мажид, Рўзихон Иминова ва бошқалар "Бобур салтанати" китобининг ўзига хос ифодаси, илмий, тарихий, бадиий жиҳатлари хусусида атрофлича фикр-мулоҳазалар билдирдилар.

Ўзбекистонда xизмат кўрсатган артист Турсунбой Парпиев, хонандалар Мўминжон Ҳайдаров, Ўткирбек Усмонов шоир ғазаллари билан қўшиқлар куйладилар.

Муҳаммад Юсуф номидаги ижод мактаби ўқувчилари шоирнинг ижодидан намуналар ўқидилар, асарлар асосида саҳна кўринишлари намойиш этдилар. Иштирокчилар ва меҳмонларга Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими томонидан китоблар тўплами тақдим этилди.

Шоир Фарид Усмон сўз олиб, барчага миннатдорчилик билдирди. Ижодкорга Ёзувчилар уюшмаси Андижон вилоят бўлимининг совғалари топширилди.

Шунингдек, тадбир давомида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзолигига янги қабул қилинган ижодкорлар Восит Аҳмад, Ҳалим Карим, Дилмурод Қуронов, Дурбек Қўлдошев, Матлуба Юсупова, Баҳодир Андижонийлар уюшма вилоят бўлими ва устоз-адиблар томонидан қизғин қутланди.