Андижон 24

АЧЧИҚ ДАНАК: «ЙИҒЛАБ БОРСАМ, ҲЎНГРАБ ЧИҚДИ...» ЁКИ «ХАЛҚ БАНКИ»НИНГ ОЛТИНКЎЛ ТУМАНИ ФИЛИАЛИДА КАФОЛАТ БОРУ, АММО КРЕДИТ ЙЎҚЛИГИ ХУСУСИДА


20.08.2019   4677

Музаффар Ғофуровнинг озиб-ёзиб банкка бир иши тушганди, мана, тўрт ой ўтяптики, натижадан дарак йўқ. Аслида, муаммо у қадар катта эмас. Ишсизликдан қийналиб боши қотиб юрган кунларнинг бирида оилавий тадбиркорлик учун гаровсиз 8 фоизли кредит берилар экан, деган гап чиқди.

Музаффар ҳушёртортди: "Одамларга ўхшаб, тадбиркорлик қиламан, рўзғоримни бутлайман! Бундан яхши имконият борми?"

Чиндан-да, Президентнинг 2019 йил 7 март кунги "Ҳудудларда аҳолини тадбиркорликка кенг жалб қилиш ва оилавий тадбиркорликни ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарори туриш-турмушини яхшилаш пайида юрган Музаффар Ғофуров каби ишсиз ҳамюртларимиз учун жуда катта имконият аслида.

Хуллас, тартиб-таомил бўйича Олтинкўл туманининг Уйғур маҳалла фуқаролар йиғинига мурожаат қилинди. "Халқ банки"нинг Олтинкўл тумани филиали мутахассислари Ғофуровлар оиласига тегишли, тадбиркорлик учун мўлжалланаётган жойни кўриб хулоса беришди: "Талабгорнинг парранда боқишга шароити бор..."

Ҳужжатларни расмийлаштириш жараёнида маҳаллий ҳокимлик томонидан таъминотчилар рўйхатига киритилган Асака туманидаги "Водий мурувват" масъулияти чекланган жамияти раҳбари Рустамжон Шаропов ҳамда Музаффар Ғофуров ўртасида 25 миллион сўмлик шартнома тузилди. Таъминотчи 2 минг бош парранда ҳамда зарур озуқа маҳсулотларини етказиб бергач, банк маблағни "Водий мурувват" МЧЖнинг ҳисоб рақамига ўтказиб берадиган бўлди. Албатта, бу ҳақда томонларнинг қўлида банкнинг кафолат хати бор.

"Водий мурувват" масъулияти чекланган жамиятидан 9 миллион сўмлик ем-озуқа маҳсулотлари олиб келдик, дейди Музаффар Ғофуров. Аммо 2 минг бош паррандага келганда таъминотчи "Банк ҳисоб рақамимизга пул ўтказгандан кейин бераман", деб оёқ тираб туриб олди. Мана, орадан уч ой ўтди. Бу муддатда жўжаларни боқиб катта қилиб, сотишим, оиламга даромад кираётган бўлиши мумкин эди.

Арзгўйнинг айтишича, келтирилган ем маҳсулотларини уй шароитида парвариш қилаётган 200 бошга яқин хонаки товуқ ва ўрдакларига едириб бўлди. "Жуда бошим қотди, банкка борсам ресурс тугаган дейишяпти, бу ёғи Рустам акадан 9 миллион сўм қарздор бўлиб турибман. Нима қилишга ҳам ҳайронман", деб таъкидлайди у.

Таъминотчи корхона раҳбарининг қайд этишича, банкнинг кафолат хати асосида маҳсулотлар кредит олувчиларга насияга берилаётган бўлса-да, тегишли маблағ ўз вақтида тушмаяпти. "Нақд маҳсулот насия қилинавергач, ҳисоб-китобимиз чиқмай қолади-да", дейди у.

Орада юзага келган норозиликнинг асосий сабабчиси ким эканлигига ойдинлик киритсак.

Мана, юқорида зикр этилган қарорда нима дейилган: "Имтиёзли кредитлар товарлар (хизматлар) шартнома асосида келишилган нархда етказиб берилгандан (хизматлар кўрсатилгандан) ва лойиҳа эгаси ундан қаноатланиш ҳосил қилганидан сўнг ажратилади ва маҳсулот етказиб берувчи (хизмат кўрсатувчи)нинг ҳисобрақамига ўтказиб берилади".

Демак, айни вазиятда таъминотчи шартнома шартларини бузяпти ҳамда Музаффар Ғофуровни идорама-идора югуриб, шикоят битишига сабаб бўлаётир.

Боя "Водий мурувват" МЧЖ раҳбарининг иддаоларини тилга олдик. Масаланинг мана шу жиҳати хусусида икки оғиз тўхталсак. Айтайлик, таъминотчи банкнинг кафолат хатлари асосида 10 нафар фуқаро билан шартнома тузиб, маҳсулот етказиб берди. Аммо банк ҳадеганда пул туширмай, хуноб қилаверса... Бу жиҳатдан тадбиркорни ҳам тушуниш керакдай. Ахир "Ҳар бир оила тадбиркор" дастури доирасида мол-холларини кафолат хати асосида одамларга тутқазиб қўйиб, бир йилдирки, на пулини, на чорвасини қайтаролган фермерлар қанча? "Мен ҳам эртага куйиб қолиб, сарсон бўлмасмикинман?" деган ўй кимнинг хаёлидан ўтмайди дейсиз?

"Халқ банки"нинг Андижон вилояти филиали кредит бўлими бошлиғи Содиқжон Аманов айни масалада қисқача изоҳ берди:

Мазкур қарор доирасида ажратилаётган имтиёзли кредитлар масаласини туман филиаллари ҳал қилади. Битта субъектга берилаётган кредит миқдори 850 миллион сўмдан ошиб кетгудек бўлса, ҳужжатлар вилоят филиали аралашуви билан кўриб чиқилади. Сиз қизиққан мавзуда тумандагиларбилан боғланганингиз маъ-қул.

Банкнинг Олтинкўл тумани филиали бошқарувчиси Шоҳнурбек Каримов билан кечган мулоқот "Йиғлаб борсам, ҳўнграб чиқди", деган нақлни ёдга солди.

Апрель ойидан буён 500 дан ортиқ фуқароларга кредит ажратилди, дейди у. Ресурс икки ой аввал тугаган. Яна 300 га яқин мурожаатлар бор. Ҳужжатлари имтиёзли кредит ажратиш талабига жавоб беради, бироқ маблағ йўқ! Илож қанча? Очиғи, тизимдан норози бўлиб, турли идораларга, Президент виртуал қабулхонасига шикоят қилаётганларнинг асосий қисми айни шу масала билан боғлиқ...

Юқори доираларда "Ҳар бир оила тадбиркор" дастури асосида кредитлар ҳеч қандай муаммосиз, ортиқча оворагарчиликсиз ажратилаётганлиги хусусида баландпарвоз фикрлар бот-бот қулоққа чалиняпти. Амалда эса... мана, каттагина муаммо бор экан. Мавзу юзасидан Марказий банкнинг очиқроқ, рўйи-рост изоҳи зарурга ўхшайди...

Нурилло

НЎЪМОНОВ.