Андижон 24

АБИТУРИЕНТЛАРНИ БУ ЙИЛ ҚАНДАЙ СИНОВЛАР КУТМОҚДА?


15.05.2020   2227

Тез орада ўқувчи-ёшлар умумтаълим мактаблари, лицейларни тамомлаб олий таълим муассасаларига тест топшириш ҳаракатига тушиб қолади. Уларни бу йил қандай синовлар кутиб турибди?

Президентимиз ташаббуси билан бу йилги қабул ва тест жараёнларини янада соддалаштириш ишлари олиб борилаяпти.

Давлат тест маркази ахборот хизматининг маълум қилишича, карантин чекловлари туфайли абитуриентлар кириш тест синовларига кутилганичалик тайёргарлик кўра олмаган. Шу боис улар учун бу йил имтиҳонларда енгиликлар яратилиши режалаштирилмоқда.

Бунда фанлар кесимида ҳар бир вариантда қўлланиладиган биринчи қийинлик даражасидаги (энг осон) тест топшириқлари сони 6 тадан ўртача 10 тагача етказилмоқда. Абитуриентларнинг тест топшириқларини тез англай олиши, фикрлашлари ва вақт тежашлари учун жорий йилда ҳам тарих, география, чет тили (инглиз, немис, француз), биология ва кимё фанларидан расмли тест топшириқлари бўлади.

Шунингдек, она тили ва адабиёт фанидан мустақил ўқиш учун тавсия қилинган бадиий асарлардан тест топшириқлари сони кўпаяди. Матн таркибидаги сўзлар тўғри қўлланилганлиги, гаплар тўғри шакллантирилганлигини аниқлаш, маъносини топиш ва асосий мазмунини тушуниш юзасидан тест топшириқлари шакллантирилаяпти.

Маълум қилинишича, кимё фанидан назарий саволлар сони оширилади, лаборатория ишларига оид тест топшириқлари яратилади. Физика фанидан ҳам энг осон тест топшириқлари сони ўнтагача оширилади ва назарий тест топшириқлар сони кўпайтирилади. Шунингдек, абитуриентларга янада қулайлик яратиш мақсадида “Доимий физик катталиклар жадвали” ишлаб чиқилди, у тест синови жараёнида тақдим этилади.

Муҳим янгиликлардан бири, абитуриентларни рўйхатга олишда киритиладиган маълумотлар камайтирилади. Уйидан чиқмаган ҳолда мобиль телефон ёки компьютер орқали рўйхатдан ўтиш учун шарт-шароитлар яратилмоқда.

Абитуриентлар Давлат хизматлари марказлари, Ягона интерактив давлат хизматлари портали ва Давлат тест марказининг расмий веб-сайти орқали онлайн режимда рўйхатдан ўтиши мумкин. Айни пайтда dtm.uz сайтида яратилган дастур тест режимида ишлаяпти. Абитуриентлар тажриба сифатида рўйхатдан ўтиб кўриши мумкин.

Давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 14 майдаги “Олий таълим муассасаларига тест синовлари орқали қабул қилиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига биноан белгиланган муддат ва 2020/2021 ўқув йили қабулидан бошлаб тест синови топшириладиган фанлар мажмуасини икки бўлимга ажратиб, биринчи бўлимга барча тест топширувчилар учун мажбурий учта фан – она тили (ўзбек, рус ёки қорақалпоқ тили), математика ва Ўзбекистон тарихи, иккинчи бўлимга абитуриент танлаган бакалавриат таълим йўналишига мос иккита фан киритилиши аниқ.

Ҳар қандай вазият ва шароитда ҳам олий таълим муассасаларига бу йилги кириш тест синовлари ўтказилиши маълум қилинди. Матбуот хизматининг қайд этишича, муҳим қарорни Республика махсус комиссияси чиқаради. Бу тез кунларда бўлиши кутилмоқда.

Манба: ЎзА.