Андижон 24

Абитуриент-2018: Тест синовлари давом этмоқда


02.08.2018   1176

Ўз билимига ишонган ёш йигит-қизлар шижоат билан Андижон олимпиа захиралари коллежи сари ошиқдилар. Ота-онасининг “омадингни берсин” дея қилган дуосини олиб синов учун шаҳдам қадамла бораётган йигит билан суҳбатимиз йўл-йўлакай бўлди.

- Андижон давлат тиббиёт институтига кириб ўқиш ниятим бор, -дейди фарғоналик Қодиржон Турсунов. Имтиҳонга 3 йил давомида пухта тайёрландим. Омад кулиб, талаба бўлишимга ишонаман.

- Наманганнинг Чортоқ туманидан келдик. Ўғлим Азизбек тиббиёт соҳасини танлади. Фарзандим дўхтир бўлса халқига нафи тегар. Ёшилигимдаги шифокорликни орзу қилганман. Аммо оилавий шароитим сабабли эришолмаган эдим. Зора, ниятларим камолини ўғлимда кўрсам, -деди Насимахон Камолова.

1 августни байрамдек кутган абитуриентлар бисёр. Аммо йилда бир марта ўтказиладиган, ҳаёт йўлини белгилаб берадиган кунга бефарқ, эътиборсиз ёшлар ҳам бор орамизда.

- Илтимос, киришимга рухсат беринг, -дея сўзлаётган қизнинг булоқбошилик эканини билдик. Шу каби кечиккан, уяли алоқа воситаси, калькулятор олиб киришга уринган ёшларнинг 19 нафари имтиҳонга қўйилмади. Қонун-қоида ҳаммага баробар, тартиблар бузилмайди.

- Жараёнларда адолат ва шаффофликни таъминлаш мақсадида тест саволлари ўта маҳфийлик асосида тайёрланди. Тартиб талаблари қатъий. Шу боис фирибгарлик, таниш-билишчиликка йўл қўйилмаяпти, -дейди институт ректори М. Мадазимов.

Кўзлари порлаб, юзларида табассум билан тест саволларига жавоб бериб чиқаётган абитуриентлар фикрини сўрадик.

- Илгари Андижон давлат университетига ҳужжат топшириб кира олмаган эдим. Фикрим ўзгарди. Мендан ўқитувчи эмас, шифокор чиқар экан. Йил давомида репетиторлар назоратида астойдил тайёрландим, -дейди Икромжон Валиев. –Менимча, натижаларим юқори бўлади.

- Мен Пахтаобод туманининг чекка қишлоғидан келдим. Шифокор бўлмоқчиман Саволларга жавоб топишда қийналмадим, -дейди Умида Тиркашева. – Омад кулиб, талаба бўлсам фақат аъло баҳоларга ўқиб, етук мутахассис бўламан.

Бугун Ўзбекистон ёшлари барча ислоҳотларни, мамлакатимизда ва дунёда бўлаётган воқеа-ҳодисаларни теран идрок этади. Ўз тақдирини Ватанимиз порлоқ келажаги билан боғлайди, куч ва ғайрати, билимини аямайди. Биз уларнинг олий мақсадлар йўлидаги имтиҳон синовларида омадлар тилаймиз.

Нилуфар ЙЎЛДОШЕВА,

Хурсанбек Араббоев олган сурат.