ЖАМИЯТ

Абдураҳим ота сабоқлари


04.04.2018   1398

Ҳажга бормайдиган бўлди...

Хортумлик Абдураҳим ота бир умр насос станциясида оддий ишчи бўлиб ишлади. Фарзандлари, оиласини ҳалол луқма билан боқиб, ўстирди. Меҳнати орқасидан ўғил-қизларини уйлаб-жойлади.

Унинг ажиб феъли бор эди. Ҳеч қачон бировга ёмонлик тиламас, ҳатто ўз зиёнига бўлса-да, катта фойдадан ҳам кеча оларди.

Отахон пенсияга чиққач, муқаддас Ҳаж зиёратига бориш учун бир неча йиллар мобайнида пул жамғарди. Ҳисоб-китоб қилиб кўрса, сафар харажатларига етаркан. Ариза бериш учун мутасадди идораларга учраганида, унга бу йил кеч қолганини, гуруҳлар тўлиб бўлганини айтишди.

Абдураҳим ота тарвузи қўлтиғидан тушиб, уйига қайтди. Набиралари билан чақчақлашиб, диққатчилиги сал ёзилди. Иттифоқо, молия бош-қармасида ишлайдиган жияни Абдурашид ёдга тушиб, уни йўқлади. "Унинг қўлидан келади. Ахир, неча йиллардан бери амалдор. Қанча казо-казолар билан борди-келди қилади. У ўртага тушса, мушкулим осон бўлса, ажабмас", дея ўйлади.

Абдурашид кечга яқин келгач, муддаосини тушунтирди. Жияни уриниб кўришга ваъда бериб кетгач, кўнгли бироз жойига тушди.

Орадан уч кун ўтиб, Абдурашид "суюнчи беринг", деб келди.

– Мен ўртоқлар билан гаплашдим, – деди у. – Ҳужжатларини, пулини тайёрлаб тураверсин, жўнаш олдидан ҳар хил воқеалар бўлиб туради, ё бирортаси касал бўп қолади ё вафот этади. Ўшаларнинг ўрнига жўнатиб юборамиз, дейишди. Хуллас, тараддуд кўраверинг, тоға.

Ҳозиргина жиянидан хушхабар эшитиш илинжида қувнаб турган Абдураҳим ота бирдан маҳзун тортди. Демак, кимдир хасталаниши ё дунёдан ўтишини кутиши керак экан-да. Бу, худбинлик эмасми? Йўқ, бундай совуқ ният қилгандан кўра, Ҳажга боришдан воз кечгани маъқул.

– Бу таклифинг менга ёқмади, жияним, – деди отахон бир оз ўтгач. –Одамлар умид билан ариза беришган, қўй, ўзлари бораверишсин. Уларга ёмонлик тилаб, гуноҳга ботишни хоҳламайман. Мен Ҳажга бормасам, осмон узилиб, ерга тушмас, ахир...

Ўша куни Абдурашид ва ўғиллари шунча уринишса-да, уни кўндиришолмади.

Қозон ёпиҒлигича Қолди...

Фалокат оёқ остида туради, дейишгани тўғри экан. Бўлмаса, ҳар икки томонга қарабдию, рўпарасида шу кўчага бурилиш ҳаракатидаги самос-вални кўрмай қоладими? Бирдан тарақа-туруқ бўлиб кетди. Абдураҳим ота велосипедидан қандай учиб кетганию, асфальтга қулаб, боши билан ерга йиқилганини ҳам билмади. Яхшиямки, шофёр эпчилгина экан. Югуриб келиб, унинг бошини қўлига олди.

– Отахон, ёмон тушмадингизми? Ие, пешонангиз ёрилибди-ку. Сизни дарров шифохонага олиб бораман.

Абдураҳим ота кўзини очди. Шофёр йигитнинг юзида ранг қолмаган эди.

– Йўқ, болам, яхшиман.

Бошини ушлаб кўрса, ҳақиқатан кафтига қон юқди.

– Ҳеч нарса қилмайди, – деди ота. – Баннисага оборсанг, мелисалар келади. Сени жавобгар қилиб юборишади. Ёш йигит экансан, жабр бўлмасин. Ёпиғлиқ қозон ёпиғлигича қолаверсин. Биров сўраса, ўзим машинага келиб урилдим, дейман.

"Тез ёрдам"га келишгач, шифокорлар дарров ички ишлар бўлимига қўнғироқ қилишди. Суриштирув, сўроқ-савол бошланди. Абдураҳим ота шофёрни сўзлашга ҳам қўймай, ўзи машинага келиб урилгани, ҳайдовчида айб йўқлигини тинмай такрорлайверди. Хуллас, баённома тузилмади ва шофёрга жавоб беришди.

Бечора йигит эртасига оқсоқолни кўргани келди. Ота у билан сўрашдию, олиб келган нарсаларини, дори-дармонга, деб берган пулини ҳам қайтиб берди-да, деди:

– Ҳадеб бу ерга келаверма, ўғлим, унақада мени ёлғончи қилиб қўясан. Кейин сендан гумонланиб юришмасин.

Орадан бир неча кун ўтиб, шофёр яна шифохонага келди. Палатада ота кўринмади. Шифокорлар эса унинг кеча жароҳатдан вафот этгани ва бугун жанозаси эканини айтишди. Йигит улардан беморнинг манзилини олдию, югурганича чиқиб кетди.

Отанинг уйини топиб келганида ҳали жаноза ўқилмаган экан. Шофёр бор овози билан "вой отам"лаб мотамхонага кириб борди. Ҳамма ҳайрон. Ким бўлди экан? Қавм-қариндошлар ўғилларга, улар эса йигитга қарашди.

Бу саволга ҳеч ким жавоб тополмади.

Нажмиддин ИКРОМИЙ.