Бугуннинг гапи

9 ой давомида андижонлик МИБ ходимларининг 4 нафари жиноий жавобгарликка тортилган, 2 нафари ишдан озод этилган


17.10.2019   415

Жорий йилнинг 9 ойи давомида Мажбурий ижро бюроси Андижон вилояти бошқармаси томонидан 17 нафар ходимнинг номуносиб хатти-ҳаракатлари юзасидан 11 та хизмат текширувлари ўтказилган. Натижада 2 нафар ходим ишдан озод этилган, яна 4 нафар ходим эса жиной жавобгарликка тортилган. Бу ҳақда мажбурий ижро бюроси андижон вилояти бошқармасининг 9 ой фаолият якунларига бағишлаб ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилинди, дея хабар бермоқда “auz.uz” мухбири Умиджон Мамарасулов.

Бошқарма бошлиғининг биринчи ўринбосари Ҳамидилло Масаитовнинг маълум қилишича, 2019 йилнинг январь-сентябрь ойлари давомида бошқарма томонидан энергия ресурслари, сув истеъмоли ва қаттиқ маиший чиқиндилар соҳасида 924,6 млрд сўм қарздорлик ундирилган. Ўтган йилда бу кўрсаткич 650,7 млрд. сўмни ташкил қилган.

Матбуот анжуманида нореал ёки асоссиз қарздорликлар ҳисобланишининг олдини олиш билан боғлиқ ҳолатлар Бюро фаолиятини бошлаган вақтдан буён долзарб ҳисобланаётган масалалардан эканлиги қайд этилди. Шунингдек, бошқарманинг тезкор тармоқлари томонидан ўтказилган тадбирлар натижасида 18 та жиноят иши қўзғатилгани, 1 минг 791 та энергия ресурслари тармоқларига ноқонуний уланиш ҳолатлари аниқлангани, айбдор шахслар тегишли тартибда маъмурий жавобгарликка тортилгани таъкидланди. Ушбу ҳуқуқбузарликлар оқибатида таъминотчи корхоналарга етказилган моддий зарарнинг 2 млрд. 432 млн. сўми ундирилганлиги билдирилди.

Бундан ташқари, вилоят бўйича 756 нафар шахслар маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 101-моддасига асосан жавобгарликка тортилиб, уларга нисбатан қўлланилган 748,7 млн. сўм жарималарнинг 526,6 млн. сўми ундирилиши таъминланган.

Юридик шахслардан солиқ ва бошқа мажбурий тўловларни ундириш билан боғлиқ жами 18 минг 651 та яъни 541 миллиард сўмлик ижро ишлари келиб тушган. Ундирилган солиқ қарздорлиги эса 318 миллиард 700 минг сўмни ташкил этган. Вилоятдаги қарздор юридик шахслардан солиқ ва бошқа мажбурий тўловларни ундириш бўйича 911 та 71 млрд сўмлик кўчмас мулк, қишлоқ хўжалиги техникалари, авторанспорт воситалари хатланди ҳамда қарийб 61 млрд сўмлик кўчмас мулк ва автотранспорт воситалари сотувга чиқарилган.

Алимент тўлови бўйича қарздор шахслар билан ўтказилган профилактика ва тушунтириш ишлари натижасида 1198 та оилалар яраштирилган.

Анжуманда Бюро ходимлари ўз вазифаларини бажаришда айрим фуқаролар томонидан қаршилик кўрсатиш ҳолатларига ҳам дуч келаётганлиги, ҳозирга қадар 7 та шундай ҳолатлар аниқланиб, айбдорларга қонуний чора кўрилганлиги таъкидланди.

“- Албатта, шу ўринда Бюронинг барча ходимларини ҳам ҳалол ишлаяпти деб бўлмайди. Ходимлар томонидан содир этилаётган коррупция ва ножўя хатти-ҳаракатлар учраб турибди. Бюро ўз вазифасини суиистеъмол қилиб, тамагирлик ва пора олиш ҳолатларини содир этган ходимларга ҳам муросасиз муносабатда бўлмоқда, ходимларнинг масъулиятини ошириш, улар ўртасида хизмат мавқеини суиистеъмол қилиш, порахўрлик ва бошқа ножўя хатти-ҳаракатларни олдини олиш бўйича муайян ишлар амалга ошириб келинмоқда. Ўтган даврда ходимларнинг номуносиб хатти-ҳаракатлари қилган 17 нафар ходимга нисбатан жами 11 та хизмат текширувлари ўтказилди,” - деди Ҳамидилло Масаитов.

“Auz” мухбири хизмат текширувлари якунида ходимларга нисбатан қандай чоралар кўрилганлигини сўраганида бошқарма кадрлар бўлими бошлиғи Жасурбек Мамадалиев қуйидаги жавобни берди:

“- Текширувлар якунида 2 нафар ходим билан меҳнат шартномаси бекор қилинди. 4 нафар ходим эса тегишли моддаларга асосан жиноий жавобгарликка тортилди. Бундан хулоса қилиб, ходимларнинг масъулиятини ошириш, улар томонидан номуносиб ва ножўя хатти-ҳаракатлар содир этилишининг олдини олиш мақсадида 84 маротаба профилактик тадбирлар ташкил этилиб, 285 нафар ходимлар билан индивидуал тартибда профилактик суҳбатлар олиб борилди.”

“Auz” мухбирининг МИБ ходимларининг шанба ва якшанба кунлари ҳам ишлаётганлигини қайд этиб, уларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш тартиби бўйича йўллаган саволига эса:

“- Иш куни душанбадан жумага қадар.Янги ходим билан дастлабки олти ойлик синов муддати билан меҳнат шартномаси тузилади. Шу муддат ичида ходимнинг ишлаш самарадорлиги аниқланади. Шу муносабат билан айрим ходимлар ўзлари ташаббус қилиб шанба ва якшанба кунлари истеъмолчиларга қарздорлиги бўйича талабномаларни тарқатади. Бунга албатта ҳақ тўланмайди.”, - дея жавоб берди Жасурбек Мамадалиев.

Бошқарма матбуот хизмати раҳбари Ойистахон Абдураҳмонованинг айтишича, вилоят бошқармаси ҳамда туман (шаҳар) бўлимларига 9 ой давомида жами 12 мингдан ортиқ мурожаатлар келиб тушган. Уларнинг қарийб 11 мингтаси ҳал этилган. 4491 нафар шахсларнинг бузилган ҳуқуқлари тикланган.