ЖАМИЯТ

​9 Май – Хотира ва Қадрлаш куни олдидан: КАМТАРИН, КАМСУҚУМ ВА ДИЛКАШ ИНСОН ЭДИ


13.04.2020   1792

Таниқли тарихчи ва архившунос олим,Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган фан арбоби, тарих фанлари доктори, профессор, муҳтарам устозимиз Иброҳимжон Абдуғаффорович Алимов ҳаёт бўлганларида, бу йил 85 ёшга тўлар эди.

Иброҳимжон Абдуғаффорович Алимов 1935 йил 5 апрелда Андижон шаҳрида туғилган. 1953 – 1958 йилларда Москва давлат тарих-архив институтида таълим олгач, республика Марказий давлат архивида катта илмий ходим сифатида меҳнат фаолиятини бошлади. 1965 - 1973 йилларда шу муассаса директори лавозимида ишлаган даврида вилоятлар архивларида кенг кўламда ташкилий ишларни амалга оширди. 1989-1995 йилларда Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси Тарих институтида бўлим мудири, 1996 йилдан то умрининг охиригача Андижон давлат университети профессори вазифаларида ишлади.

Устоз бир вақтнинг ўзида илмий-ижодий ишлар билан ҳам шуғулланиб, тарих фанлари бўйича номзодлик ва докторлик диссетацияларини ёқлади, профессор унвонига сазовор бўлди. Архившуносликда, айниқса, Ватанимиз тарихини ёритишда архив ҳужжатларидан манба сифатида фойдаланиб яратилган бир неча юзлаб монографик асарлар ва илмий мақолаларнинг муаллифидир.

И.Алимов нафақат тарихчи олим, балки таниқли жамоат арбоби, архив ишлари билимдони ва моҳир ташкилотчи раҳбар, шогирдларига бағри кенг устоз сифатида Ўзбекистон ва ундан олис юртларга ҳам танилди. У тарбиялаб, таълим берганлар орасида давлат стипендиялари совриндорлари, тарих фанининг турли йўналишлари бўйича фан докторлари ва номзодларини республикамизнинг кўплаб вилоятларида учратиш мумкин. Иброҳим Алимовнинг иштироки ва раҳбарлигида амалга оширилган ўнлаб илмий ишлар Ўзбекистон тарихининг кам ўрганилган ёки умуман тадқиқ қилинмаган мавзуларга бағишланган.

Иброҳимжон Алимов кўз олдимизда нафақат олим, шунингдек, зиёлилиги, ўта маданиятли, камтарлиги ва хушмуомалали, юксак салоҳиятли, маънавий уйғоқ, собитқадам, меҳр-оқибатли, шогирдпарвар, камсуқум, дилкаш, доимо чеҳрасидатабассумли инсон сифатида гавдаланади. Устознинг камтаринлигига бир мисол тарихчи олим Сотимжон Холбоевнинг 2015 йилда чоп этилган «Миллий мустақиллик ва тараққиётнинг ўзбек модели» номли монографиясида келтирилган. 1990 йилнинг июль ойида Биринчи Президентимиз Ислом Абдуғаниевич Каримов Ўзбекистон Республикаси ташкил топган санани аниқлаш масаласида мамлакатимиздаги етук тарихчи олимлардан 6 нафарини қабул қилган эди. Улар орасида профессор Иброҳимжон Алимов ҳам бўлган ҳамда мазкур санани аниқлаш бўйича тузилган комиссия таркибида фаолият юритган. Устозимиз эса, Биринчи Президентимиз билан учрашгани, суҳбатлашгани ҳақида ҳеч қачон гапирмаган ва матбуотда ҳам ёзмаган.

Иброҳимжон Абдуғаффорович Алимовнинг фаолияти тўғрисида 12 жилдли Ўзбекистон Миллий энциклопедиясининг 1-жилдида маълумотлар берилган. Юксак маънавиятли, адолатли, олийжаноб фазилатлар эгаси бўлган раҳматли устозимизнинг илмий ҳамда педагогик фаолияти билан бир қаторда намунали ҳаёти ҳам келгусида шогирдларига ибрат бўлиб қолади.

Шогирдлари номидан

Авазбек МИРЗАЕВ,

Андижон давлат университети

“Жаҳон тарихи” кафедраси катта ўқитувчиси.