ЖАМИЯТ

9 май - Хотира ва Қадрлаш куни олдидан: ЭЗГУЛИК СОҲИБАСИ ЭДИ


20.04.2018   1745

Муқаддас хадисларда шундай таъриф бор: «Аёлларни фақат улуғ одамлар ҳурмат қилади».

Андижоннинг меҳрибон онахони Турсуной Каримовани бу дунёдан ўтганига бир неча йил бўлди. Опа билан бўлган суҳбатлар, меҳнаткаш инсонларга бўлган меҳри ҳамон кўнглимизда.

Опанинг ҳаёт йўлларини, айтиб берган воқеаларини эслайман. Меҳнат инсонни улуғлайди, деган ҳаётий ҳикмат опа сиймосида намоён бўлади. У метин иродали эди.

Оллоҳим ким мени эсаласа беморни кўрсин, мен беморнинг ёнидаман, деганларини улуғлардан эшитганмиз. Оллоҳнинг ким саодатга эришмоқчи бўлса ночорлардан, норасидалардан ҳамда бева аёллардан хабар олсин, дегани опанинг қалбида мужассам эканлигини тенгдошларим яхши билишади.

1975-1977 йиллар мобайнида (Москвада олий таълим мактабида ўқиётган вақтимда) опа Москвага касаба уюшмалар пленумига келди. Андижоннинг мазали нонлари-ю, тенги йўқ ширин меваларини бизга илинди. Бунчалар меҳрибонлигини ҳавас қилардик.

1978 йил 22 май куни райком биринчи ўринбосари Камолиддин Зайнобиддинов мени чақириб, “Турсуной опа, Маҳпират опа келар экан, кутиб оламиз. Улар билан Хонободга борасиз, фотиҳа ўқийдиган жойлар бор”, деди. 7 та хонадонда бўлдик (ўша вақтда фотиха ўқиш анчагина тақиқланган эди). Опалардаги одамийлик кучли эканлигига амин бўлдим. Меҳмонларни кузатиб эртасига, 23 май эрталаб соат 6.00 да ўғил фарзанд кўрдим. Опалар шундай масъулиятли лавозимларда ишласа ҳам вақт топишиб, бир қучоқ гуллар билан туғруқхонага келишгани ҳали ҳануз ёдимда. Турсуной опа 2 та қиздан кейин ўғил фарзанд кўрдинг, исмини Умиджон қўйгин дедилар. Ҳозир Умиджон ўғлим 40 ёшга етди.

Устозим тарбия, меҳр ва эзгулик сарбони эди. Ҳар доим бизни ибратли ишларга руҳлантирарди. Қачон туманга келса Қўчқорбой отани, уруш йилларида Хонобод халқини озиқ-овқат билан таъминлаган меҳнат фахрийси /офурали ака Обидовнинг хонадонларида бўлар эди.

Қўчқорбой ота билан бўлган суҳбатда бир давлат арбоби «Турсуной Андижоннинг эркаклари қатори бир сўзли инсон», деб таъриф берганлигини эшитганмиз.

Мамлакатимиз мустақилликка эришгандан кейин опанинг фаолияти янада юксак бўлганлигини ҳамма яхши билади. Халқнинг хоҳиши асосида Олий Кенгаш депутатлигига сайланди.

Мен туманда оналик-болаликни муҳофаза қилиш бўлимининг бошлиғи ҳамда хотин-қизлар қўмитаси ишларини бажарар эдим. 1992 йилда Тошкентга семинарга бордим. Ўша кунлари Турсуной опа ҳам пойтахтда эди.

“Эртага менинг олдимга соат 11.00 га меҳмонхонага келгин”, деб тайинлади. Айтилган вақтда бордим. 6 та қутичани алоҳида-алоҳида қилиб машинага жойладик. Бирга Андижон вилояти партия қўмитасида масъул лавозимда ишлаган Турсуной Қодировани шифохонага бориб кўрдик. Мансур Зияевични уйига кириб хабар олдик. Абдулла аканинг оиласи Кибриёхоним билан кўришдик. Тўртинчи ташрифимиз машҳур шоирамиз Зулфияхоним хонадонига бўлди. Кибриёхоним, Зулфияхонимлар опани қучоқ очиб бағрига босиб, кўзларига ёш олиб, «Турсуной одамийлик фазилати юксак инсонсиз», деб қувониб кетишганди. Мен мана шу икки буюк инсонлар хонадонида китобдан бошқа бойликлари бўлмаганлигини, оддий бир қатор рўзғор учун керак бўлган идиш-товоқларни кўриб камтарин турмуш тарзига гувоҳ бўлдим.

Бешинчи ташриф Бектош Раҳимов хонадонига бўлди. Бизни самимий кутиб олган Бектош ака опага “Сизнинг тимсолингизда Андижонни кўриб турибман, деб ниҳоятда хурсанд бўлган эди.

Охирги кечки йўқловимиз Солижон Мамарасулов хонадони бўлди. Солижон Мамарасулов ўша пайтда Тошкент вилояти ҳокими эди. Солижон ака “Андижон халқи, опадек иродали, меҳнаткаш, меҳмондўст, одамийлиги юксак инсонлар бошқа жойда топилмайди. Уйимизга ташрифингиз, остонадан йўқлаб келиш сизларнинг олижаноблигингиздир”, деб ажойиб таъриф берганди.

Устозим билан боғлиқ хотираларни эслаб, шунда й саховатли инсонлар билан ҳамнафас бўлганлигимга шукроналар келтираман.

Андижоннинг илмпарвар инсони, Ўзбекистон мусулмонлар идорасини кўп йиллар бошқарган собиқ муфтий Абдурашид қори Баҳромов «Собиқ шўролар даврида ҳам опанинг дуолари ниҳоятда таъсирли, кучли, ниятлари мусаффо эди. Келажак нурли ва нурафшон бўлишига ишонч ҳосил қилиб, Оллоҳдан яхшилик сўрар эди», дея таърифлаганди.

Бугунги кунда ҳар бир аёл Турсуной опадек ташкилотчи, меҳнаткаш, сабрли, иродали, қаноатли бўлса кўнгиллар шодумон, ишлар янада илгариларди.

Марҳабо Тожибоева,

«Нуроний» жамғармаси Қўрғонтепа тумани фаол хотин-қизлар гуруҳи