Андижон 24

9 ДЕКАБРЬ – БУТУН ЖАҲОН КОРРУПЦИЯГА ҚАРШИ КУРАШИШ КУНИ


25.11.2019   4093

Коррупцияга қарши курашда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар қанчалик ҳаракат қилмасин, халқимиз бу жирканч иллатга муросасиз бўлмас экан, таъсирчан жамоатчилик назоратини ўрнатмас экан, бу балога қарши самарали курашни ташкил эта олмаймиз. Бу иллат билан нафақат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар, балки ҳар бир жамоа жиддий курашиши керак. Шунинг учун ҳар бир давлат идорасида жамоатчилик томонидан назорат қилинадиган коррупцияга қарши курашиш бўйича ўз ички дастурлари бўлиши шарт”.

Шавкат Мирзиёев

Ўзбекистон Республикаси Президенти

Барчамизга маълумки, коррупция - давлат ва жамиятнинг ривожига, халқнинг адолатга бўлган ишончига жиддий путур етказадиган хавфдир. Бугунги кунда коррупция хавфининг олдини олиш ва унга қарши курашиш борасидаги республикамизда кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда.

Мавжуд статистик маълумотларга кўра, дунё давлатларида жамият ривожига ғов бўлаётган коррупция хавфига қарши курашишни таъминлашга қаратилган бир қатор халқаро-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинган, жумладан:

– Давлат мансабдор шахсларининг халқаро ахлоқий кодекси (Нью-Йорк, 1996 йил 12 декабрь);

– Коррупция бўйича жиноий жавобгарлик конвенцияси (Страсбург, 1999 йил 27 январь);

– Коррупция бўйича фуқаровий-ҳуқуқий жавобгарлик конвенцияси (Страсбург, 1999 йил 4 ноябрь) ва мазкур Конвенцияга қўшимча протокол (Страсбург, 2003 йил 15 май);

– Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Коррупцияга қарши конвенцияси (2003 йил 31 октябрь)

Бундан ташқари, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 2003 йил 21 ноябрдаги резолюциясига мувофиқ,
2004 йилдан бошлаб “9 декабрь – Бутунжаҳон коррупцияга қарши курашиш куни” сифатида нишонлаб келинмоқда.

Ҳукуматимиз томонидан халқаро-ҳуқуқий ҳужжатлар ва миллий қонунчилик асосида, коррупцияга қарши курашиш соҳасида ташкилий-ҳуқуқий механизм асослари яратилмоқда.

Хусусан, Ўзбекистоннинг 2008 йили БМТнинг Коррупцияга қарши конвенциясига, 2010 йили Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти доирасида қабул қилинган коррупцияга қарши кураш бўйича Истанбул ҳаракат режасига қўшилиши – коррупцияга қарши курашнинг ҳуқуқий асосларини яратишда муҳим қадам бўлди.

Даставвал коррупциянинг олдини олиш билан боғлиқ қонунчилик базасини мустаҳкамлашга қаратилган Бюджет кодекси, “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисида”, “Ижтимоий шериклик тўғрисида”, “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”, “Тезкор-қидирув фаолияти тўғрисида”, “Электрон ҳукумат тўғрисида”
ва “Парламент назорати тўғрисида”ги қонунлар қабул қилинди.

Шунингдек, коррупцияга қарши самарали кураш олиб бориш мақсадида 2017 йил январда “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг қабул қилиниши – давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтларининг коррупцияга қарши куч
ва имкониятларини бирлаштириб, яхлит тизимни яратиш имконини берди.

Қонун ижроси асосида Олий Мажлиснинг ҳар иккала палаталарида ҳам “Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари бўйича қўмиталари” ташкил этилди ва аниқ мақсадларга қаратилган чора-тадбирларни ўз ичига олган, 2017-2018 йилларга мўлжалланган коррупцияга қарши курашиш бўйича давлат дастури белгилаб олинди.

Бу борадаги ишлар ўз изчиллигини давом эттирган ҳолда, 2019 йил
27 майда коррупцияга қарши курашиш тизими самарадорлигини янада ошириш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5729-сон Фармони қабул қилиниб, ушбу ҳужжатга мувофиқ:

– 2019 – 2020 йилларда коррупцияга қарши курашиш давлат дастури;

– коррупцияга қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссиясининг янгиланган таркиби;

– коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги фаолият самарадорлигини оширишга қаратилган чора-тадбирларни ишлаб чиқиш бўйича махсус комиссияси таркиби тасдиқланди.

Дастурга кўра, қуйидаги 4 та устувор йўналишда 35 та муҳим чора-тадбирларни амалга ошириш белгиланган:

биринчи, аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш;

иккинчи, давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларида коррупциянинг олдини олиш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш;

учинчи, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни ўз вақтида аниқлаш, уларга чек қўйиш, имконият яратувчи сабаблар, шарт-шароит
ва оқибатларини бартараф этиш, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни содир этганлик учун жавобгарликнинг муқаррарлиги принципини таъминлаш;

тўртинчи, коррупцияга қарши курашиш масалалари бўйича халқаро ҳамкорликни амалга ошириш.

Мазкур Фармонга асосан, коррупцияга қарши курашиш соҳасида давлат сиёсатининг устувор йўналишлари қуйидагилардан иборат:

– суд ҳокимиятининг мустақиллигини янада мустаҳкамлаш, судьяларга қонунга хилоф равишда таъсир ўтказиш шарт-шароитларини истисно этиш;

– давлат хизматчиларини танлов асосида саралаб олиш, лавозимга ва юқори лавозимларга тайинлашнинг шаффоф тартибига асосланган давлат хизмати тизимини шакллантириш, улар учун чекловлар, тақиқлашлар, рағбатлантириш чоралари ҳамда коррупциянинг олдини олиш бошқа механизмларининг аниқ рўйхатини белгилаш;

– давлат хизматчилари даромадларини декларация қилиш тизимини босқичма-босқич жорий этиш ва уларнинг иш ҳақи етарли даражада бўлишини таъминлаш, шунингдек, давлат хизматини ўташда манфаатлар тўқнашувини ҳал этишнинг ташкилий-ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш;

– коррупция билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар ҳақида хабар берган шахсларни ҳимоя қилишнинг самарали ташкилий-ҳуқуқий механизмларини жорий этиш;

– аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини янада ошириш, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни кучайтириш;

– давлат органларининг ҳисобдорлиги ва фаолияти шаффофлигини ошириш;

– фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситалари фаолиятининг чинакам эркинлигини таъминлаш ва уларни коррупцияга қарши чораларни тайёрлаш, ўтказишда ва ижросини мониторинг қилишда иштирок этишга жалб қилиш.

Ўтган даврда Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона Қўмитаси томонидан ҳам коррупцияга қарши курашиш борасида қатор ташкилий-амалий ишлар бажарилди.

Божхона органларида шахсий таркибнинг касбий одоб-ахлоқ принциплари ва хулқ-атвор қоидаларини белгилаш, шахсий таркиб орасида ҳуқуқбузарликларни олдини олишга қаратилган “Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона хизмати органлари ходимларининг одоб-ахлоқ қоидалари” тўғрисида ДБҚнинг 2016 йил 28 мартдаги 66-буйруғи қабул қилинди.

2018 йил 12 апрель куни қабул қилинган «Ўзбекистон Республикаси давлат божхона хизмати органлари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонга биноан, божхона органлари тизимида коррупция кўринишларига муросасиз муносабатни шакллантириш, халқнинг ишончини мустаҳкамлаш ва давлат божхона хизмати обрўсини ошириш Ўзбекистон Республикаси божхона органларини ислоҳ қилишнинг муҳим йўналишларидан бири сифатида белгиланди.

Давлат божхона қўмитаси веб-сайтида “Коррупцияга қарши кураш” номли махсус рукн ташкил қилиниб, шу мавзудаги хабар ва янгиликлар жойлаштириб келинмоқда.

Жамоатчиликка объектив ва тезкор ахборот етказиш мақсадида Давлат божхона қўмитасининг Facebook ижтимоий тармоғида расмий саҳифаси (https://www.facebook.com/UZDBQ/) ҳамда Telegram мессенжерида расмий ахборот канали (https://t.me/customschannel) ва гуруҳлари (@exportgtkuz) ишга туширилган.

Коррупциянинг олдини олишга оид функционал вазифаларини амалга оширувчи бўлим, гуруҳлар томонидан тегишли низом ва йўриқномалар асосида зарур чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Жумладан, Ўз хавфсизлик бошқармаси ва унинг ҳудудий таркибий тузилмалари шахсий таркиб ўртасида қонунчилик ва хизмат интизомга риоя этилишини таъминлашга қаратилган профилактик чора-тадбирларни амалга оширади, салбий ҳолатлар бўйича хизмат текширувлари ўтказади.

Ўз навбатида, божхона органларида коррупцияни олдини олишга қаратилган ишларни самарали ташкиллаштириш мақсадида Қўмита раҳабтияти томонидан муҳим вазифалар белгилаб олинган. Булар жумласига:

– идоравий коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга қаратилган ички дастурни ишлаб чиқиш ва уни барча даражадаги бўлим-постларда самарали амалга ошириш;

– раҳбарлар назоратига шахсий таркиб ўртасида коррупция билан боғлиқ ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, уларни содир этилишига сабаб
ва шароитларни аниқлаш ва бартараф этиш мажбуриятини киритиш;

– коррупция билан боғлиқ ҳуқуқбузарликларни содир этганлиги учун ҳарбий хизматдан бўшатилган ва лавозимидан четлаштирилган шахслар ҳақида хизматда фойдаланиш учун мўлжалланган фильм-роликлар тайёрлаш ва шахсий таркиб ўртасида намойиш этиш;

– шахсий таркиб орасида коррупция билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар профилактикасини амалга оширувчи таркибий бўлинмалар фаолиятининг самарадорлигини баҳолаш мезонларини ишлаб чиқиш ва бошқалар.

Хулоса ўрнида таъкидлаб ўтиш жоизки, коррупцияга қарши курашиш соҳасида қабул қилинган ҳар бир меъёрий хужжат эртанги Ўзбекистоннинг ҳаётида коррупция деган иллатнинг тамоман йўқолишига қўйилаётган катта қадамлардир.

Ф. Каримов

Андижон вилояти божхона бошқармаси катта инспектори.