Ўзбекистон

5778 та техника ҳадемай дала кезади


06.01.2018   678

Халқимизда “Техника деҳқоннинг қаноти” деган нақл бор. Ҳозирги шиддатли даврда унга бўлган эҳтиёж кун сайин ортиб бормоқда. Эл-юртимиз дастурхонини тўкин қилиш йўлида жонбозлик кўрсатаётган деҳқонларимизнинг оғирини енгил қилиш мақсадида Президентимиз 4 январь куни «Қишлоқ хўжалигини техник жиҳозлашни янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорни имзолади. Бу ҳужжат яратувчилик меҳнати билан машғул тармоқ вакилларига кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрликнинг яна бир далилидир.

Унга кўра, Ўзбекистон 2018 йилнинг биринчи ярмида қишлоқ хўжалиги эҳтиёжлари учун 5778 дона техникани сотиб олиш имконига эга бўлади.

Ҳаммаси бўлиб 5 778 дона техника харид қилиниши кўзда тутилган. Уларнинг 758 таси ҳайдаладиган, 1 500 таси чопиқ, 330 таси боғдорчилик мақсадларидаги трактор, 2 790 таси осма ва тиркамали қишлоқ хўжалик техникаларидан иборат бўлади. Шунингдек, бошоқли дон экинлари ҳосилини йиғиб олиш мавсуми бошланишига 400 та ғалла ўриш комбайнини сотиб олиш мўлжалланган.

Ҳадемай тупроғи олтинга тенг далаларимизда, боғу роғларимизда фермеру соҳибкорларга мадад бўлаётган техникалар қаторидан «Жон Диир», «Беларусь», Т-7060, Т-6070 тракторларини, CASE, Вектор, Dominator 130 ғалла ўриш комбайнларини, плуглар, сеялкалар, пуркагичлар, культиваторлар ва бошқа техника воситаларининг янги, замонавий турларини кўришимиз мумкин бўлади.