Андижон 24

560 ХОНАДОННИНГ ЕТМИШ ФОИЗИДА ИССИҚХОНА МАВЖУД


28.01.2020   899

Маҳалла миришкорлари эртаки, сифатли ҳосил етиштиришяпти, даромадни

кўпайтиришмоқда, турмуш тарзи фаровон бўляпти

Томорқа кўпчилик учун ноз-неъмат, баракали даромад манбаига айланди. Кичик ернинг ҳосили серобчилик, аҳоли ҳаёти фаровонлиги замини бўлаётир. Буни Шаҳрихон тумани, Дўлан маҳалла фуқаролар йиғинидаги кўркам уй-жойларга туташ иссиқхоналарда цитрус мевалар, помидор, бодринг, ошкўклар парваришлашнинг даромад салмоғида кўриш мумкин.

– Маҳалламиздаги 560 хонадоннинг етмиш фоизида иссиқхона барпо бўлган, – дейди маҳалла фуқаролар йиғини маслаҳатчиси Ёқутхон Маматова. – Бири бирига устоз, мусобақадошдек ишлашади. Тажрибаларини ўрганишади. Ҳаракатлари хурсандликка хизмат қиляпти. Замонавий уйлар қуриляпти, тўйлар ўтказиляпти.

Пишиқчиликда 58 гектар томорқа ҳосилига юзлаб машина керак бўлади, экспортга йўл очади.

Алишер Норматов умр йўлдоши Насибахон билан 15 сотихли иссиқхона қуришга белни маҳкам боғлади. «Миллийбанк»нинг Шаҳрихон тумани бўлими 30 миллион сўм имтиёзли кредит ажратиб, хонадон соҳибларининг ҳаракатини қўллаб-қувватлади.

– Дастлабки йили 80 тупкўчат ўстириб, юз килограмм лимон уздик, – дейди Алишер Норматов суҳбатимиз чоғида.– Якунланган йилда 1,5 тонна шифобахш неъматни уйимизда тарозига қўйиб, харидорлар пулини санашди. Бу йил ҳосилни янада ошириш чораларини кўряпмиз.

30 қути асаларининг шифобахш неъмати оила дастурхонини тўкин этяпти, даромадини кўпайтирмоқда.

– Қиш фасли биз учун иш фасли, – дейди Алишер. – Кўкламгача режалаган тадбирларни бажарамиз. Лимон кўчатларини озиқлантирамиз.

Алишер Норматовнинг қўшниси Абдужаббор Сатторов помидор етиштиришнинг устаси. Ўтган йили помидордан 22 миллион сўм даромад топди.

– Келиним Нигорахон иссиқхона ишига қизиқиб қолди, – дейди Абдужаббор Сатторов. – Кўчиб ўтган участкаларида узунаси 33 метр, эни салкам ўн метрли иссиқхона қуришга кўмаклашдик. Биринчи йилиёқ 7 миллион сўмлик помидор сотилди. Келиним хурсанд. Бу йил даромадни кўпайтириш ниятида.

Маҳалла фаоли Ёқутхон Маматова ҳамроҳлигида дўланликларнинг томорқадан унумли фойдаланаётганликларига ҳавас қилдик. Меҳнатдан келса бойлик – турмуш бўлар чиройли, деганлари маҳалла аҳли ҳаётида намоён эканига амин бўлдик.

Аҳмадилло Солиев.

Хурсандбек Араббоев олган суратлар.