Андижон 24

5 АПРЕЛЬ - ДАВЛАТ ХАВФСИЗЛИК ХИЗМАТИ ХОДИМЛАРИ КУНИ


05.04.2020   20951

Президентимиз Шавкат Мирзиёев барча соҳалар, шу жумладан, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг халқимиз манфаатларини тўлақонли ҳимоя қилишини таъминлаш бўйича зарур ислоҳотларни амалга оширди.

Бу жараёнда Давлат хавфсизлик хизмати тизимида ҳам халқимиз кутган муҳим ўзгаришлар амалда таъминланмоқда. 2018 йил 5 апрелда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати тўғрисида”ги қонунга билан мазкур хизматнинг Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузуми, суверенитети, ҳудудий яхлитлиги ва манфаатларини ташқи ва ички таҳдидлардан ҳимоя қилувчи махсус ваколатли орган этиб белгиланди.

Шу билан бирга, хизматнинг давлат хавфсизлиги ва манфаатларини ташқи ва ички таҳдидлардан ҳимоя қилиш, қонун устуворлигини мустаҳкамлашдаги ўрни белгилаб берилди.

Турли тажовузларнинг олдини олиш, уларни аниқлаш ҳамда уларга барҳам бериш бўйича разведка ва контрразведка фаолиятини амалга ошириш, терроризм, экстремизм, уюшган жиноятчилик, қурол-яроғ, гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларнинг ноқонуний муомаласига қарши курашиш, давлат манфаатлари ва хавфсизлигига таҳдид солувчи миллий, ирқий ва диний адоватни тарғиб этишга қаратилган бузғунчилик фаолиятининг олдини олиш, уни аниқлаш ва унга барҳам бериш бўйича фаолият олиб бориши мустаҳкамлаб қўйилди.

Шу каби меъёрлар акс этган қонун тизимнинг самарали фаолияти учун мустаҳкам ҳуқуқий асос яратди. Мазкур ҳужжат соҳага оид қабул қилинган илк қонун бўлгани учун ҳам тарих зарварақларидан жой олди. Бу сана кейинчалик Давлат хавфсизлик хизмати куни, этиб белгиланди.

2018 йил 2 октябрь куни қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати кунини белгилаш тўғрисида”ги қонунда бу ўз ифодасини топди.

Бугун эса Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари куни юртимизда иккинчи бор нишонланмоқда.

Шу ўринда айтиб ўтиш керакки, бугун дунёда кечаётган мураккаб ва таҳликали вазиятда Ўзбекистон Республикасини ички ва ташқи таҳдидлардан ҳимоя қилишда, халқаро муносабатларда унинг миллий манфаатларини қўллаб-қувватлашда Давлат хавфсизлик хизматининг муносиб ҳиссаси бор.

Хусусан, 2018 ва 2019 йилларда ДХХ идоралари томонидан хорижий махсус хизматлар билан ҳамкорликда 9 та террорчилик ҳаракатининг олди олинди. Улардан 2 таси Ўзбекистонда, 7 таси ҳамдўстлик мамлакатларида амалга оширилиши режалаштирилган эди.

Шунингдек, 625 килограммдан ортиқ гиёҳванд моддалар мусодара қилинди. 500 дан ортиқ коррупция билан боғлиқ ҳолатларга чек қўйилди. Давлатимиз сарҳадларидан ноқонуний олиб ўтилган қарийб 97,7 млрд сўмлик товар-моддий бойликлар мусодара қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг топшириғига кўра амалга оширилган “Меҳр 1” ва “Меҳр 2” гуманитар операциялари доирасида Яқин Шарқ давлатларида оғир шароитда қолаётган 220 нафар аёллар ва болаларни мамлакатимизга олиб келишда ДХХ ходимлари ҳам фаол иштирок этди.

Шунингдек, ёт ғоялар таъсирида Афғонистонда қийин ҳолатга тушиб қолган ўнлаб ватандошларимиз ҳам ўз яқинлари бағрига қайтарилди.

Ишонч билан айтамизки, Давлат хавфсизлик хизмати ходимларининг олий мақсади жонажон Ўзбекистонимизнинг гуллаб-яшнаши ва халқимизнинг тинч-тотув, фаровон ҳаёт кечиришини таъминлашдир.

Норгул Абдураимова.

Манба: ЎзА.

ФУРСАТДАН ФОЙДАЛАНИБ, СОҲА ХОДИМЛАРИНИ КАСБ БАЙРАМИ БИЛАН ҚУТЛАЙМИЗ!

БАЙРАМИНГИЗ МУБОРАК, ВАТАННИНГ ЖАСУР ВА ФИДОЙИ ЎҒЛОНЛАРИ!

СИЗЛАРНИНГКОНСТИТУЦИЯВИЙ ТУЗУМНИ, ДАВЛАТИМИЗ СУВЕРЕНИТЕТИНИ, ҲУДУДИЙ ЯХЛИТЛИКНИ ТАШҚИ ВА ИЧКИ ТАҲДИДЛАРДАН ҲИМОЯ ҚИЛИШ, МАМЛАКАТ ХАВФСИЗЛИГИНИ ТАЪМИНЛАШ ЙЎЛИДАГИ ФИДОКОРОНА ХИЗМАТИНГИЗНИ ХАЛҚИМИЗ ҲАМИША ҚАДРЛАЙДИ. ХАЛҚИМИЗНИНГ БАХТИГА ҲАМИША СОҒ-САЛОМАТ БЎЛИНГЛАР, ХОНАДОНЛАРИНГИЗДАН ФАЙЗ-БАРАКА АРИМАСИН. АЛЛОҲ ТАОЛО СИЗЛАРНИ ЎЗ ПАНОҲИДА АСРАСИН!

«auz.uz» online гуруҳи.