Андижон 24

40 МИНГДАН ЗИЁД АНДИЖОНЛИК «ТОКИО САРИ ЙЎЛ»ГА ЧИҚДИ (+video)


05.07.2019   4998

АНДИЖОН (auz.uz). Андижон шаҳрида «Олимпия куни» муносабати билан “Токио сари йўл” шиори остида оммавий юриш тадбири ўтказилди. Унда корхона, ташкилот, муассаса вакиллари ҳамда спортсевар ёшлардан иборат 40 мингдан зиёд андижонликлар иштирок этдилар. Бу ҳақда auz.uz сайтининнг онлайн мухбирлари хабар бермоқда.

Андижон шаҳрининг Заҳириддин Муҳаммад Бобур майдони олдида саф тортган иштирокчиларни вилоят ҳокими номидан унинг ўринбосари Ўткирбек Шукуров соғлом турмуш тарзининг аҳамияти, спортнинг оммавийлигини ошириш борасидаги ишларга қисқача тўхталиб ўтди ва шу ерда ҳозир бўлганларни эртанги байрам билан қизғин қутлади.

Оммавий юришда таниқли спортчилар, турли халқаро мусобақалар ғолиблари, Олимпиада ўйинлари қатнашчилари билан бир қаторда соғлом ҳаёт тарзи тарафдорлари старт чизиғида ҳозир бўлдилар.

Спортчилар Ўзбекистон байроғини баланд кўтарган холда “Токио сари йўл” шиори ва олимпиада халқалари тасвири туширилган футболкаларда масофага отландилар.

Юришни мусиқа садолари остида дастлаб велоспортчилар бошлаб бердилар. Бобур майдонидан йўл олган иштирокчилар Шароф Рашидов ва Алишер Навоий шоҳкўчалари орқали марказий маданият ва истироҳат боғига қадар бўлган масофани босиб ўтдилар. Бутун йўналиш давомида иштирокчилар сафи кенгайиб борди.

-Мана 20 йилдирки уйимдан ишхонамгача бўлган 20 дақиқали йўлни пиёда босиб ўтаман, - дейди “Асака ёғ мой” ОАЖ ишчиси Олимжон Собиров. – Шунинг учун ҳам корхонага яхши кайфиятда етиб келаман. Бугунги тадбирда жамоа бўлиб иштирок этмоқдамиз. Эътибор қаратсангиз ҳамкасбларимнинг юзида ҳақиқий байрамона кайфият акс этиб турибди. Пиёда юриш нафақат саломатликка фойдаси бор балки, кайфиятни ҳам позитив даражага кўтаради.