Андижон 24

30 январь - Ислом Каримов таваллуд топган кун: БИРИНЧИ ПРЕЗИДЕНТИМИЗ ДОИМО ЁДИМИЗДА


30.01.2020   2958

Ватанпарварлик, мардлик инсон умрини безайди. Эл-юрт ҳурматига муяссар этади. Ўзбекистоннинг биринчи Президенти, мамлакатимиз мустақиллигининг асосчиси Ислом Каримов фийдойилиги билан халқимиз ҳурмат-эҳтиромига сазовор бўлганди. Талабчан ташкилотчи, жасоратли раҳбар, меҳрибон инсон эзгу ишлари билан кўпчиликнинг кўнглида қолди.

Ўтганларни ёд этиш, хотирлаш халқимизга хос хислат. Таниқли давлат ва жамоат арбоби номидаги Асака автомобиль заводи киравериши тўридаги Ислом Каримов бюсти яқинида эрта тонгда хотира тадбири ташкил қилинди. Мунгли мусиқа таралди. Фаоллар, депутатлар, ёшлар улуғ аллома бюсти пойига гулчамбарлар қўйиб, ҳурмат бажо келтирдилар.

Ўзбекистон Қаҳрамони, гигант корхонанинг технология бўлими маслаҳатчиси Ҳасанбой Қосимов хотираларини сўзлади.

- Ислом Абдуғаниевич Ўрта Осиёда ягона автомобиль заводи қурилиши ва ишга тушиши жонкуяри бўлганди. Марҳум йўлбошчимиз ҳаётлигида Ўзбекистон Қаҳрамони мукофотини топширганидаги қувончли лаҳзалар ҳамон ёдимда. Давлатимиз раҳбари сифатида ибратли ишлар билан барчамизни руҳлантирганди.

- Ьиринчи Президентимиз ёшларнинг ғамхўри эди, - деди Андижон давлат тиббиёт институти талабаси Нозимахон Абдумўминова. Эзгу ишлари, ёрқин хотираси ҳозир ҳам ҳаммамизни фидойиликка ундаётгандек...

- Биримиз Олтинкўлдан, иккинчимиз Шаҳрихондан келдик, - дейишди Ўзбекистон Қаҳрамонлари, ёшларнинг меҳрибон мураббийлари Шукуржон Маматқулов билан Камолдин Ғопиров. - Буюк йўлбошимизни хотирладик.

Ўзбекистонимиз озодлиги ва ободлиги, халқимиз ҳаёти фаровонлиги фидойиси биринчи Президентимиз юртдошларимиз кўнглида мудом яшаяпти. Янги марраларга ундаяпти.

Аҳмадилло СОЛИЕВ.

Суратларда: хотира тадбиридан лавҳалар.

Хурсандбек АРАББОЕВ олган суратлар.