Андижон 24

30 НАФАР АНДИЖОНЛИК ҲАРБИЙЛАР ЎЗ УЙЛАРИГА ЭГА БЎЛДИЛАР


07.01.2021   3981

14 январь –Ватан ҳимоячилари куни арафасида 30 нафар андижонлик ҳарбийлар ҳам ўз уйига эга бўлдилар. Андижон вилояти Хўжаобод туманидаги “Иттифоқ” массивининг энг баҳаво жойида қад ростлаган 5 қаватли 30 хонадондан иборат янги турар-жой биносининг топширилиш маросимида вилоят ҳокими, маъмурий сектор раҳбари Шуҳрат Абдураҳмонов иштирок этди ва қатнашчиларни янги уй билан қутлади.

-2020 йилнинг февраль ойида мана шу адирлик устида янги турар жой мажмуаси учун жой танлагандик-дейди Шуҳрат Абдураҳмонов тадбир иштирокчиларига юзланар экан. –Атиги ўн ой давомида 35 та кўп қаватли уйларни қуришга муваффақ бўлдик. Дастлабки уй ҳарбий хизматчиларга топширилаётганининг рамзий маъноси бор. Зеро, юртимизда осойишталигимиз посбонлари туфайли тинчлик, хотиржамлик ҳукм сурмоқда. Уларнинг шарофати билан мана шундай замонавий барча қулайликларга эга бўлган уй-жойларни қуриб, битказмоқдамиз.

Подполковник Дилшодбек Парпиев асли Хўжаобод туманида туғилиб, вояга етган. Айни пайтда Жиззах вилоятидаги ҳарбий қисмлардан бирида хизмат қилмоқда.

-Ҳар қандай инсон ўз уйи бўлишини орзу қилади,-дейди у суҳбатда. –Жумладан, мен ҳам истеъфога чиққач, Андижон вилоятида ўз уйим бўлишини орзу қилганман. Бугун ана шу мақсадлар амалга ошадиган кун экан. Оилам билан янги масканга кўчиб кираётганимдан бахтиёрман.

Асака туманилик Сарварбек Эргашев 11 йилдирки, Сурхондарё вилоятида хизмат қилади. Хизматидан, оиласидан, тақдиридан миннатдор. Негаки, унинг ёнида ҳамиша қўллаб-қувватлаб тургувчи турмуш ўртоғи Гулнозахон бор.

-Андижондаги ўзгаришларни кўриб, шу замин фарзанди эканлигимдан фахрланаман,-дейди Гулнозахон Эргашева. –Телевизор орқали Хўжаобод тумани адирликларида янги шаҳарча барпо этилаётганини кузатиб, шу ерда яшашни орзу қилгандим.Ниятим холис экан, бугун янги хонадоннинг калити топширилди. Бу ерда фарзандларимни эл-юрт корига ярайдиган ўғлонлар қилиб вояга етказишни, катта-катта тўйлар қилишни ният қилдим.

Янги уй республикамизнинг турли ҳудудларида хизмат фаолиятини давом эттираётган, истеъфога чиққан ва хизмат пайтида ҳалок бўлган ҳарбийлар ва уларнинг оила аъзолари учун ҳақиқий бахт кошонасига айланиши, шубҳасиз.

«auz.uz» online гуруҳи.