Хорижда

30 минг ёшли вируслар


16.01.2018   578

Ҳозиргача фанга “баҳайбат вируслар”нинг тўртта оиласи маълум. Булар мимивирус, пандовирус, питовирус ва молливирусдир.

Олимлар томонидан сайёрамизнинг абадий музликлар билан қопланган ҳудудларида ана шундай “баҳайбат вируслар” топилаётгани ва фаоллаштирилаётганлиги хусусида РИА Новости хабар тарқатди. Улар инсониятга хавф солмасмикин?

2014 йилда Ёқутистоннинг шимолий-шарқий қисмида “баҳайбат вируслар” топилган эди. Аниқланишича, уларнинг ёши 30 минг йилга тенг бўлган. Энг қизиғи, бундан 30 минг йил олдин ҳам номаълум инфекциядан одамзотнинг қадим аждодлари - неандарталлар қирилиб кетган. Бу тасодифми ёки...

-“Баҳайбат вируслар” инсониятга хавф туғдириши мумкин, деб хавотирланишга асос жуда кам, – дейди россиялик олима Л.Шмакова. – Ҳозирча “баҳайбат вирус”ларнинг фақат бир хужайрали содда организмларга зарар етказиши исботланган.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, “ҳайбатли вирус”ларнинг геноми жуда бой бўлсада (мисол учун пандовирус оқсилида 2556 та ген бор ва уларнинг фақат 401 тасигина қандай функция бажариши фанда аниқланган), улар ҳужайрага “қариндош” эмас. Боиси, худди ҳужайрада бўлгани сингари, рибосомалар, РНК унда йўқ ва бўлиниш йўли билан ҳам кўпаймайди.