Андижон 24

3 декабрь-Халқаро ногиронлар куни: ҲЕЧ КИМ МЕҲР ВА ЭЪТИБОРДАН ЧЕТДА ҚОЛМАДИ


03.12.2019   4917

Инсон фикрлаши билан жонзотлардан фарқ қилади, деган гапни кўп бор эшитганмиз. Ва унинг эзгуликка йўғрилган ҳиссиёт қўрғони - юраги уриб тутар экан, яхшилик ва эзгулик қилишдан, меҳр-саховат улашишдан чарчамайди. Халқимизга ҳос инсонийлик, саховатпешалик ва бағрикенглик 3 декабрь - Халқаро ногиронлар куни муносабати билан вилоятимиз бўйлаб уюштирилаётган тадбирларда ўз аксини топди.

Сана муносабати билан вилоят касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси биносига уруш ва меҳнат фахрийлари, байналминал жангчилар, Чернобил талофатларини бартараф этишда қатнашган фидойи инсонлар, ногирон ҳамда ёлғиз кексалар ташриф буюрдилар. Тадбир аввалида вилоят ҳокимининг ўринбосари Содиқжон Тошбоев юртимизда ижтимоий ҳимояга муҳтож, ногирон ва кекса авлод вакилларига кўрсатилаётган бемисл ғамхўрлик ҳақида гапирди.

Иштирокчилар турлижамоат ва давлат ташкилотлари фаолларининг руҳий ва маънавий қўллаб-қувватлашларидан кўнгиллари тоғдек кўтарилди.

- Давлатимиз томонидан доимий эътибордамиз, -дейди булоқбошилик Бахтиёржон Исоқов. - Чиройли тадбир уюштирилди, маданий хордиқ чиқардик. Юртимиз тинчлиги, осмонимиз мусаффолиги бардавом бўлсин.

Сўзга чиққан “Соғлом авлод учун” хайрия фонди вилоят филиали директори Турсунбой Бердираҳматов юртимизда ижтимоий кўмакка муҳтож инсонларга кўрсатилаётган беғараз ёрдам туфайли уларнинг турмуши яхшиланмоқда, дея таъкидлади.

“Ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда қолмайди” шиори остида ўтган тантанада байрам табриклари, санъаткорлар ижросидаги куй-қўшиқлар тадбирга ўзгача файз киритди. Вилоятимизда истиқомат қилувчи имконияти чекланган, ногирон фуқароларнинг 200 нафари вилоят ҳокимининг қимматбаҳо совғалари билан тақдирландилар.

***

Тўрт мучанинг бутлиги, тафаккурнинг равшанлигини ҳис қилиш бахт! Буни чуқур англаган ҳолда ҳар доим фидокорлик билан ишлаш, юқори марраларга интилиш эса чин инсонийлик масъулияти намойишидир.

Аёл меҳнати, меҳридан яраладиган гўзалликлар эса бисёр ҳаётда. Хўжаободлик Муаззамхон Сотволдиева гарчи имконияти чекланган бўлса-да, ёш тадбиркорлардан. Тикувчиликнинг синоатини топган. Кичик цех очиб, 5 аёлни иш билан таъминлади.

- Мен ўзимни ногирон санамайман, -дейди Муаззамхон. - Оёқларимнинг ишламаслиги бир синовдир, ақлимнинг ўзимга бўйсунаётганлигига шукр қиламан. Бекорчиликни хуш кўрмайман, ҳар бир кунимдан унумли фойдаланишга, янгиликлар яратишга интиламан. Телевизорда хориж ҳаётини кузатар эканман, тинч, осойишта кунлар учун шукроналар айтаман.

Халқаро ногиронлар куни муносабати билан вилоят қўғирчоқ театрида адабий-бадиий, маънавий тадбир ташкиллаштирилди. Вилоят хотин-қизлар қўмитаси томонидан ўтказилган ушбу тантанада ногирон бўлса-да, меҳнатга лаёқати бор хотин-қизлар иштирок этдилар, давлатимизнинг беғараз мурувватига эга бўлдилар.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 20 августдагиқарори ижросини таъминлаш, 5 та муҳим ташаббус доирасида хотин-қизларнинг бандлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. “Хотин-қизларни ва оилани қўллаб-қувватлаш жамоат фонди” маблағлари ҳисобидан имконияти чекланган, боқувчисини йўқотган, кам таъминланган ҳамда ёлғиз оналар учун арзон уй-жойлар берилган эди. Байрам арафасида оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган,жумладан, ногиронлиги бўлган хотин-қизларнинг 207 нафарига фонд маблағлари ҳисобидан ногиронлик аравачаси, эшитиш воситаси ва турли реаблитация воситалари тарқатилди. Аммо доимий даромади йўқ ва кредитни қоплашга лаёқати етарли бўлмаган, бироқ касаначилик билан шуғулланиш истагидаги хотин-қизлар кўпчиликни ташкил қилар экан.

Вилоят ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитасининграиси Манзурахон Юнусова ҳунарманд аёлларнинг бандлигини таъминлаш ва кўмак бериш мақсадидаана шундай опа-сингилларимизнинг 89 нафарига замонавий тикув машиналари топширди. Бўзлик Дилдора Азизова, Гулшаной Каримова, улуғнорлик Наргизахон Исоқова, Андижон туманидан Рўзихон Нодироваларнинг қувончи чексиз.

- Ҳар кунимиз бир бахтлигини, саломатлигимиз минг-минг шукрларга арзишини туймоқчи бўлган инсонлар бизларга боқсин, -дейдиулуғнорлик Наргизахон Исақова.- Шунда ҳар оннинг, фикрлашу соғлиқнинг қадрига етишни ўрганади ва нималарга қодир эканликлариниҳис этадилар,

Миллатимиз азал-азалдан меҳр-оқибатли бўлиб келган. Йиқилганни суяш, кўмакка муҳтожларга ёрдам қўлини чўзиш азалий одатларимиздан. Халқимизга хос бағри кенглиги, меҳрибонликдан беихтиёр фахр-ифтихор туясан киши. Меҳрни ҳамма нарсадан устун қўйгани боис, ўзбек номи, миллат шаъни юксалиб келаётир. Бугун кечагидан-дакўпроқ оқибатли бўлайлик. Зеро, инсондан меҳру муҳаббат, одамийлик қолгусидир.

Нилуфар ЙЎЛДОШЕВА.