ЖАМИЯТ

27 июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни: СЎЗ ҚАРЗИМИЗ КЎП


24.06.2021   905

Биламиз йўл, кўприклар қуриш ҳам, уйга муҳтожлиги бор одамларни ватанли қилиш ҳам, касби- кори бор- йўқларни иш билан таъминлаш ҳам осон иш эмас. Узоқ йиллар хом ашё базаси бўлиб келган ўлкада оғир, енгил саноат йўналишларини ривожлантириш,бу борада кадрлар тайёрлашнинг ҳам ўзига яраша машаққатлари бор. Лекин ундан ҳам қийинроғи одамларнинг руҳиятини ўзгартириш,одамларни ана шу қийин заҳматлар орқасидан келадиган қадрга ишонтириш,бугуннинг ўз кишисига айлантиришдир.

Биз сўз имкониятларимиз билан, сўз қудрати билан ана шу ҳамиша долзарб бўлиб турадиган вазифага камарбаста касб эгаларимиз. Албатта, биз ҳаракат қилаётган кечаги майдон билан бугунгиси орасида осмон билан ерча фарқ бор. Кеча жамиятда ўзига яраша куч сифатида яшаётган жиноий гуруҳлар қаршисида ҳам, минг бир чиғириқдан ўтказиб,ёзганларимизни майда элакдан элаклаб,сўнг босмага берадиган цензура қаршисида ҳам, деярли, ҳимоясиз эдик. Бугун касбимиз, сўзимизни ҳимоя қилувчи қатор қонунларимиз бор. Маълумот олиш имконларимиз, воқеа-ҳодисаларга борар йўлларимиз кенгайган, осонлаштирилган. Айниқса, энг сўнгги русумдаги техника воситаларига эга эканлигимиз аввалгига қараганда бир неча бор шитоб билан ишлашимизни таъминламоқда.

Президентимизнинг узоқ — яқин мамлакатлар билан дўстона муносабат ўрнатганлари боис хорижга чиқиш, биринчи манбалардан ахборот олиш имконларимиз пайдо бўлди. Шунга яраша босма нашрларимиз, интернет нашрларимизда таҳлилий, танқидий руҳдаги материаллар ҳам кўпаймоқда. Яна ҳам аниқроқ ифодаласак, рост нигоҳлар, рост сўзларга қараб юраяпмиз. Шу руҳдаги материаллар юзасидан бўлаётган баҳс, мунозараларда тобора кўпроқ юртдошларимиз иштирок этмоқда. Буларнинг ҳаммаси фақат жамият иқтисодиётида, сиёсий ҳаётида эмас, маънавияти, руҳиятида ҳам катта ўзгаришлар бўлаётганини далиллайди. Ва барчаси бизни суюнтирадиган, яна ҳам шахдамроқ ишлашга ундаётган омиллардир.

Лекин юртдошларимиз орасида ҳануз мустақиллик туҳфасини халқ, миллат бўлиб юксалишга қодирлик деб эмас, бошбошдоқлик, ўзбилармончилик, ҳоҳлаганини қилиш, деб тушунадиганлар яшаётган экан, бизнинг сўз қарзимиз, ҳақиқатни айтиш қарзимиз кўп эканлигини ҳар нафасда эслаб туришимиз даркор. Яна уйғоқлик,огоҳлик нону сувдай зарурат бўлган айни кунларимизда кимларгадир ғофиллик, бепарволик каби иллатлар ёпишиб олган экан, яна шу қарз безовталигидан узоқлашиб кетмаслигимиз керак бўлади. Меҳр, оқибат, андиша, ҳаё каби фақат бизнинг миллатимизга хос фазилатларга, миллий белгимиз сифатида кўз қорачиғидай асрашимиз зарур бўлган қадриятларга қаерлардандир соя тушаётган экан, айниқса, озод замонда қуллик хусусиятларидан халос бўла олмаётган баъзи одамлар билан ёнма-ён яшар эканмиз, биз яна ва яна қарздамиз.Тушунтириш, айтиш, уқдириш, ишонтириш қарзи моддий қарзлардан кўра ҳам масъулиятлироқ, залворлироқ эканлигини таъкидламасам ҳам ҳамкасбларим яхши билишади.

Бу байрам куни шунчаки айтиладиган баландпарвоз гаплар эмас. Аксинча, ҳар бир журналистнинг қалбидан бир кунда бир неча марта кечадиган ҳиссиётлардир. Мен ҳамкасбларимнинг “Баҳоли қудрат ишлаяпмиз-ку,ўзимизга бўлсин, деб бир нарсалар учун талашиб, тортишмаётган бўлсак...” , дея эътироз қилмасликларини биламан.Чунки биз “Баҳоли қудрат”дан баландроқда яшаймиз, қалам аҳли ўзидан кўра кўпроқ ўзгалар учун куюнадиган касб эгаларидир. Қувончдан ҳам, ташвишдан ҳам хулосалар чиқарадиган , шу хулосаларидан куч оладиган, инсонларни кучли яшашга ундайдиган ботир сўз экиб, кўкартирадиган,уни сочиб чиройли ҳосил кутадиган қалам деҳқонларидир.

Касбимиздан барака топайлик, азизлар! Сўзларимиз учқуни юртдошларимиз қалбида озодликка, эзгуликка, ҳалолликка муҳаббат алангасини ёқсин! Руҳиятимиздаги миллатимизнинг шон -шавкатига, қурбу қудратимизга ишонч туйғуси янада бақувват тортаверсин!

Эртага, журналистиканинг бугунгидан ҳам ёрқин уфқларида виждон билан, ихлос билан хизмат қилаётган ёш дўстларимиз бизни “Улар Ватан мустақиллигини мустаҳкамлашдек қутлуғ ишнинг, ҳар ўзбекнинг юрагида битта ҳур шахсни уйғотишдек улуғ ишнинг заҳматкаш ишчилари эди”, дея эслашса,бизнинг юрт олдидаги, миллат олдидаги қарзимизни узганимиз шу...

Қутлибека Раҳимбоева,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими.