ЖАМИЯТ

26 АПРЕЛЬ – ШОИР МУҲАММАД ЮСУФ ТАВАЛЛУД ТОПГАН КУН: «СОДДА МУҲАММАД»ИН СОҒИНДИ БОҒЛАР...


22.04.2020   5895

Яна апрельнинг сўнгги кунлари. Яна юракни орзиқтирган ўша таваллуд кун яқин, жуда яқин. Юрт кезган қалдирғочлар яна “содда Муҳаммад”ини соғиниб Марҳамат томон елиб келгандек. Сувлар шивири ўша танти, тўпори, беозор мисраларни шивирлаётгандек туюлади. Муҳаббат маконига айланган шоир кутубхонаси ишққа ташна кўнгиллар билан тўла... аммо қаердандир

“Биламан тахминан

Шундай ўйлайсиз:

Шоирлар девона,

Тузалмайдилар.

Шоирнинг севгиси

Ўткинчи дейсиз.

Шоирлар одамдек

Севолмайдилар!..” – деган ярим хазил, ярим чин маънодаги сатрлар эшитилиб тургандек бўлаверади.

Баҳорни нега интиқиб кутаман? Негаки, ўзбекнинг танти шоири Муҳаммад Юсуф таваллуд куни сабаб... О, шоирлар, адабиёт намоёндалари, хассос қалб соҳибларининг Андижонга ташрифидан қувонмай бўладими бу пайт?! Шоир ҳақидаги илиқ хотираларни ҳар гал тинглаганимда, янгича дунё кашф этгандек бўлавераман. Гўё тирикдек, яна ўзи ўша дилга жуда-жуда яқин шеърларини айтиб бераётгандек бўлади...

Хоҳ Ватан мавзуси бўлсин, хоҳ ишқ хусусида бўлсин, ёзганларида мураккаблик йўқ. Шундайлигича кўнгилга сингиб кетади. Чинакам тўпори соддалик намоён. Шундан бўлса керак, қанчалаб шеърлар аллақачон қўшиқларга айланиб мухлислар тилидан тушмайди.

Шоирини кутган қизғалдоқлар очилди. Адирлар алвон сепга бурканди. Бироқ уларни юпатгувчи шоир йўқ:

Қизғалдоғим, қирдан бўлак кошонанг йўқ,

Кокил ёйсанг, ердан бўлак тошойнанг йўқ.

Ўксиб-ўксиб турганингда ўзим бориб,

Пешонангдан ўпай десам, пешонанг йўқ...

Қаранг, барчасига кўнган, ситамларини шоирига айтган қир гуллари ҳам алланечук шодумон. Сабаби, мадҳ айтгувчисининг ёронлари, дўстлари ташрифи яқин. Улар хотираларга айланган Андижоннинг эрка шоирига эҳтиром кўрсатгани келмоқдалар...

Шоҳидахон Усмонова,

Андижон шаҳридаги 13-ИДУМнинг она тили ва

адабиёти фани ўқитувчиси.