Андижон 24

2,5 МИНГ БЕМОР УЧУН КИСЛОРОД


25.07.2020   4777

Пневмония аломатларида кислород – хал қилувчи омил

Андижонда Соvid-19 га қарши кураш доирасида тиббиёт муассасаларида қўшимча 2 мингта заҳира ўринлари яратилмоқда. Улар давлат, хусусий клиникаларида ташкил этилади. Бўлажак палаталарга кислород етказиб бериш масаласини ҳозирданоқ хал этишга киришилган. Вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов мазкур масалада Андижон давлат тиббиёт институти клиникасида йиғилиш ўтказди.

Эслатиб ўтамиз, ўтган йилнинг сентябрь ойида клиникада республикамизда ягона бўлган тиббий кислород ишлаб чиқариш мини-заводи ишга туширилган эди. 130 минг евро қийматидаги мини-завод Соғликни сақлаш вазирлиги ва GIZнинг «Ўзбекистонда пешқадам тиббий технологияларни бошқариш» лойиҳаси асосида барпо қилинган.

-Коронавирус хасталигига чалинганларда пневмония аломатлари кўпроқ кузатилмоқда, - дейди АДТИ ректори Мадаминжон Мадазимов. – Шу сабабли заҳира ўринларга кислород етказиб бериладиган бўлса, муолажалар самараси ортади.

Вилоят ҳокими бўлажак бемор ўринлари яратиладиган муассасаларда кислород цехлари учун ускуналар келтиришни ўз зиммасига олган ҳолда палаталарга уланиш учун керакли тиббий-коммуникация тармоқларини тортиш вазифасини тадбиркорлар ва ўша муассасалар раҳбарларига топширди. Бундай цехлар йирик муассасаларда қурилса, бемор ўрни озроқ шифохоналарга кислород баллонларда етказиб берилади.

-Ҳозирда бизнинг мини-заводимиз 36 та реанимация ўринларига кислород етказиб беради, - дейди АДТИ клиникаси бош шифокори Баҳодиржон Раҳмонов. – Зарур коммуникация тармоқлари тортилса, бу рақам 700 тага етказилади.

«auz.uz» online гуруҳи.