Андижон 24

23 НАФАР ПАХТАОБОДЛИККА ФУҚАРОЛИК ПАСПОРТЛАРИ ТОПШИРИЛДИ


26.08.2019   1051

Пахтаобод туманидаги 7-сон болалар мусиқа ва санъат мактабида 23 нафар шахсга фуқаролик паспортларини тантанали топшириш маросими ўтказилди. Бу ҳақда auz.uz мухбири хабар бермоқда.

Вилоят ички ишлар бошқармаси миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармаси томонидан ўтказилган мазкур тадбирда Пахтаобод туманида яшовчи Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига қабул қилинган, шунингдек, биринчи маротаба шахсни тасдиқловчи ҳужжат олаётган шахслар, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, фаоллар иштирок этдилар.

Тадбирда қатнашган туман ҳокими Маҳмуджон Бозоров мамлакатимизда фуқароликка қабул қилиш борасида ҳам қонунийлик, инсонпарварлик ва ижтимоий бағрикенглилик тамойилларига асосланган ҳолда инсон манфаатларига риоя қилинишини таъминлаш чора-тадбирларини тизимли равишда амалга ошириб борилаётганлигини қайд этиб, тантана сабабчиларини табриклади.

- Бугунги кун ҳаётимнинг унутилмас воқеликларини хадя этди, – дейди Ҳалимахон Қурбонова. – Ўзбекистонда яшаб, шу ерда униб ўсдим. Шу юрт фарзанди бўлишимга қарамай, шахсимни тасдиқловчи ҳужжатнинг йўқлиги армон эди. Ҳаётимдаги энг катта орзуларимдан бири ушалиб, Ўзбекистон фуқаролигига қабул қилиндим. Бунинг учун бизга имконият берган Президентимиздан миннатдорман. Бундан кейин ишончга муносиб бўлишга ҳаракат қиламан.

Пахтаобод туман ИИБ миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмаси бошлиғи, лейтенант Камолдин Жўраевнинг маълум қилишича, туманда 615 нафар фуқаролиги бўлмаган шахслар доимий яшаб келишади. Улардан 275 нафари Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини қабул қилиш истаги билан мурожаат қилишган. Мурожаатларнинг 109 таси қаноатлантирилиб, Президент фармонлари билан фуқароликка қабул қилинган.