Андижон 24

2018 йил Қозоғистонда Ўзбекистон йили деб эълон қилинди


16.03.2018   1496

Остонанинг Astana Opera театрида Ўзбекистон йилининг расмий очилиш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар бермоқда.

Тадбирда Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон делегацияси раҳбарлари иштирок этди.

Президент Нурсултон Назарбоев Қозоғистонда Ўзбекистон йилининг очилиши муносабати билан Шавкат Мирзиёевни ва бутун Ўзбекистон халқини табриклади.

Қозоғистонда Ўзбекистон йили дастури доирасида кўплаб маданий-маърифий тадбирлар ташкил этилади. Олмаота шаҳрида Ўзбек адабиёти кунлари ўтказилади. Ўзбек Миллий академик драма театри ижодкорлари Чимкент шаҳрига сафар қилади. Остона шаҳрида Ўзбек аёллар миллий либослари ва халқ амалий санъати кўргазмаси ҳамда китоблар кўргазмаси ташкил этилади.

Ўзбекистон фолклор жамоаларининг Туркистон шаҳрига, Республика ёш томошабинлар театри жамоасининг Олмаота шаҳрига ижодий сафари кўзда тутилган. Тароз, Чимкент, Қизилўрда, Туркистон шаҳарларида ўзбек киноси кунлари, бадиий жамоалар ва эстрада ижодкорлари иштирокидаги «Ош фестивали» режалаштирилган.

Остона шаҳрида «Ўзбекистон йили»нинг ёпилиш маросимига бағишланган тантанали концерт дастурида икки халқ санъат усталари ва ижрочи ёшлар қатнашади.