Андижон 24

128 МИНГ ДОЛЛАР ПОРА ОЛГАН АНДИЖОНЛИК МАНСАБДОРЛАР 10 ЙИЛДАН ОРТИҚ МУДДАТГА ҚАМАЛДИ


04.06.2021   7448

ДХХ ҳамда Бош прокуратура ҳузуридаги иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаментининг ҳудудий бошқармалари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбир давомида 100 гектар ер ажратиб бериш эвазига 128 минг доллар пора олган тўрт нафар мансабдор шахсга суд ҳукми ўқилди.

Маълум бўлишича, Андижон вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги “Кичик саноат зоналарини бошқариш ягона дирекцияси” бош мутахассиси лавозимида ишлаган А. О., “Универсал водий гипс” МЧЖ раҳбари лавозимида ишлаган У.А., фуқаро У. А. лар олдиндан тил бириктириб, жабрланувчи Д.И.дан Хўжаобод тумани ҳокимлигида ишлайдиган танишлари орқали туман ҳудудидан чорвачилик фермер хўжалиги ташкил этиш учун унга жами 100 гектар ер майдони ажратиб, ҳужжатларини тайёрлаб бериши эвазига, фирибгарлик йўли биланжами 135 минг АҚШ доллари талаб қилишган. Судланувчилар жабрланувчи И.Д. дан 29 март куни 128 минг АҚШ долларини Андижон шаҳар, Бўстон даҳасида жойлашган “УзДонгЯнг-Ко” қўшма корхонаси олдида олаётганларида ДХХ ҳамда ИЖҚК департаменти вилоят бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган ҳамкорликдаги тезкор тадбир давомида ушланган.

Терговолди суриштирув ҳаракатлари давомида мазкур шахслар ўзларининг бу ёрдамлари учун муқаддам аванс сифатида 7 минг АҚШ доллари олганликлари аниқланган.

Шунингдек, шу куни О.А.нинг ихтиёрий розилигига кўра давом эттирилган тезкор тадбирда вилоят иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш Бош бошқармаси хўжалик мудири-ғазначиси лавозимида ишлаган С. У. талаб қилинган пуллардан ўзига тегишли қисми, яъни 70 минг АҚШ долларини О.А. дан Республика шошилинч тез тиббий ёрдам илмий маркази Андижон филиалининг автотураргоҳида олаётган вақтида қўлга олинган.

Юқоридаги қайд этилган жиноий ҳаракатлар учун О.А. Жиноят Кодексининг 168-моддаси (Фирибгарлик) 4-қисмининг “а” банди, 211-моддаси (Пора бериш) 3-қисмининг “а” банди билан айбли деб топилиб, 3 йил мансабдорлик лавозимлари ва моддий жавобгарлик юклатилган вазифаларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган ҳолда 10 йил 6 ой;

А. У. Жиноят Кодексининг 168-моддаси (Фирибгарлик) 4-қисмининг “а” банди, 211-моддаси (Пора бериш) 3-қисмининг “а” банди билан айбли деб топилиб, 10 йил 2 ой;

А. У. Жиноят Кодексининг 168-моддаси (Фирибгарлик) 4-қисмининг “а” банди, 211-моддаси (Пора бериш) 3-қисмининг “а” банди билан айбли деб топилиб, 10 йил 2 ой;

У.С. Жиноят Кодексининг 168-моддаси (Фирибгарлик) 4-қисмининг “а” банди, 211-моддаси (Пора бериш) 3-қисмининг “а” банди билан, 3 йил мансабдорлик лавозимлари ва моддий жавобгарлик юклатилган вазифаларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган ҳолда 10 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазолари тайинланди.