Бугуннинг гапи

12 НАФАР НАЗОРАТДАГИ ШАХС ИШГА ЖОЙЛАШТИРИЛДИ


30.03.2019   11374

Булоқбоши саноат касб-ҳунар коллежида туман ички ишлар бўлими Пробация гуруҳи ҳисобида турувчи назоратдаги шахсларни ижтимоий ҳаётга мослаштириш ва бандлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликни олдини олиш мақсадида туман ҳокимлиги, прокуратураси, давлат солиқ инспекцияси ҳамда аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази билан ҳамкорликда бўш иш ўринлари меҳнат ярмаркаси ўтказилди.

Унда 87 та корхона, ташкилот ва муассасалар ўзларида мавжуд 434 та бўш иш ўринлари билан иштирок этдилар.

- Айни пайтда гуруҳимиз ҳисобида жазо муддатини ўтаб қайтган, ахлоқ тузатиш ва озодликни чеклаш жазолари тайинланган 150 нафар шахс доимий назоратимизда туради, - дейди Булоқбоши туман ИИБ пробация гуруҳи катта инспектори, майор Илҳомжон Қаламохунов. - Бугунги ярмаркага уларнинг 65 нафари жалб қилиниб, шундан 12 нафарининг бандлиги таъминланди.

- Ёшлик қилиб катта хато қилганман, - дейди Гулдаста маҳалласида яшовчи Ўктамжон Хидиров. - Жиноят жазосиз қолмайди деганларидек, умримнинг 10 йилдан ортиғини қамоқда ўтказдим. Президентимизнинг ўтган йил 7 декабрдаги фармонига асосан ўтолмай қолган жазоимнинг бир қисми иш ҳаққимнинг 20 фоиз миқдорини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда аҳлоқ тузатиш ишлари билан алмаштирилган. Пробация гуруҳи кўмаги билан “Тоза ҳудуд” корхонасига ишга жойлашдим.

Ярмарка натижасида Раҳимберди Шокиров, Ойбек Соипов, Моҳидил Юсупова, Гулдона Анварбекова, Муслима Абдураззақова каби 90 нафарга яқин фуқарога ишга йўлланмалар берилди. Шунингдек, иштирокчиларга меҳнат қонунчилиги ва миграция масалалари, имтиёзли кредитлар ҳамда бошқа банк хизматлари бўйича тушунча ва маслаҳатлар берилди.

Ярмарка доирасида ишлаб чиқариш корхоналари ва хунармандлар томонидан маҳсулотлар кўргазмаси ҳам ташкил этилди.

«auz.uz» online гуруҳи.