Андижон 24

119 НАФАР ЖАЛАҚУДУҚЛИК БОЛАЖОНЛАРГА БАЙРАМ СОВҒАЛАРИ УЛАШИЛДИ


01.06.2020   731

Яқинда 16 ёшни қаршилаган Абдуманноб Муҳаммадумаров Дўнгқишлоқ маҳалласида истиқомат қилади. У Жалақудуқ туман халқ таълими бўлими тасарруфидаги 16-умумтаълим мактабининг 8-синфида таҳсил олади. Мана бир неча йилдирки унга устозлари якка тартибда таълим-тарбия беришиб келмоқда. Абдуманноб якка тартибда таҳсил олсада ўзининг хулқ-атвори, зеҳни билан бошқа тенгдошларидан ажралиб туради. Устозларининг айтишича, у яқинда якунига етган ўқув йилини аъло баҳоларга тугатган.

Бугун барча болалар қатори унинг ҳам юзида табассум. Боиси эрта тонгда уни байрам билан табриклаш учун у яшайдиган хонадонга туман ҳокими Фурқат Бузруков келди. Туман раҳбари мурғак қалб эгаси билан дилдан суҳбатлашар экан давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг байрам табригини етказди. Шунингдек, мамлакатимизнинг эртанги келажаги Абдуманноб каби ёшларнинг қўлида эканлигини, бунинг учун янада кўпроқ ўқиши кераклигини айтди.

Ҳоким унга бадиий адабиётлар, расм чизиш учун зарур қоғоз, қаламлар билан тўлдирилган эсдалик совғаларини топширди, ўқишларига омад тилади.

-Туманимизда 119 нафар якка тартибда таҳсил олувчи ўқувчилар бор, - дейди Жалақудуқ туман ҳокимининг ёшлар сиёсати ва ижтимоий масалалар бўйича ўринбосари Элбек Холбеков. – 1 июнь - Халқаро болаларни ҳимоя қилиши куни муносабати билан уларга туман ҳокимлиги томонидан совғалар тайёрланди. Бугун депутатлар томонидан уларга совғалар етказилиб берилди.

Нaбижoн ИСМOИЛOВ,

хaлқ депутaтлaри тумaн кенгaши депутaти.